Pfizer фармацевтика корпорацияси Paxlovid товар белгисини рўйхатдан ўтказиш бўйича ариза берди. Бу ҳақда Интеллектуал мулк агентлигининг «Интеллектуал мулк» тизими маълумотларига таяниб, Spot хабар берди.

Фото: Shutterstock

Маълум қилинишича, ариза 11 ноябрь куни берилган. Компаниянинг фаолият тури сифатида фармацевтика маҳсулотлари ва тиббий дори воситалари кўрсатилган.

Фото: Spot

Paxlovid — Pfizer томонидан коронавирусни даволашда яратилган янги дори воситаси ҳисобланади. Ўтган ҳафта фармацевтика компанияси мазкур дори воситаси синовининг иккинчи фазаси якунлангани ва уни рўйхатдан ўтказиш бўйича ҳужжатларни тайёрлаш бошланганини эълон қилганди.

Pfizer маълумотларига кўра, дори воситасининг хавф даражаси юқори бўлган беморлардаги самарадорлиги 89 фоизни ташкил этган.

Paxlovid тадқиқотларида хавф остида бўлганлар гуруҳига кирувчи 1,2 минг киши иштирок этган. Касалликнинг дастлабки кунларида дори воситасини қабул қилганлар орасида 1 фоиздан камроғи касалхонага ётқизилган — плацебо гуруҳида эса ушбу кўрсаткич 7 фоиз. Бундан ташқари, плацебо гуруҳидаги беморларнинг 1,6 фоизи вафот этган, Paxlovid олганлар орасида вафот этганлар йўқ.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг 28 сентябридан Ўзбекистон бош давлат санитария врачи ва миллий техник иммунологик эксперт комиссиясининг қарорига асосан, мамлакатда ота-оналар ва васийларининг розилиги асосида, ихтиёрий равишда 12 ёшдан катта болаларни Pfizer вакцинаси билан эмлаш йўлга қўйилган.