«Дарё» таҳририятига Пайариқ туманида яшовчи фуқаро Мавлуда Ғофурова мурожаат қилиб, 8-синфда ўқийдиган ўғли О.Й.ни математика фани ўқитувчиси калтаклаганини маълум қилди.

«Фарзандим ҳожатхонага бориб келаётганда қўнғироқ чалиниб қолган. Дарсга кечикиб келгани учун ўқитувчиси урган. Натижада боламнинг оёқлари кўкариб кетган. Устози дарсга нимага кеч келдинг деб қўлидаги таёғи билан урган. Битта таёғи синиб кетиб иккинчи таёғи билан уриб, жароҳат етказган.

Нима учун боламни уради. Мен болаларимни ўқишга юбораман, уриш учун эмас. Устозлари дарс берсин, урмасин. Шунчалик ваҳший даражада уриш мумкинми? Бунга ким чора кўради? Бундай ваҳший ўқитувчи керак эмас», – дейди Мавлуда Ғофурова.

«Дарё» сўровига асосан Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати Мавлуда Ғофурова мурожаатини ишчи гуруҳ билан бориб ўрганилган.

Маълум бўлишича, содир этилган ушбу хатти-ҳаракат Пайариқ туман халқ таълими бўлимига қарашли 75-умумтаълим мактабининг математика фанидан дарс берадиган Ш.Н. томонидан содир этилган. Ушбу хатти-ҳаракат ишчи гуруҳ аъзолари ва 8-синф ўқувчиси Й.О.нинг ота-онаси иштирокида ўрганилган.

Педагогга хос бўлмаган ушбу ҳолатни содир этгани учун математика фани ўқитувчиси Ш.Н.га нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилиб, вазифасидан озод этилган.