Мафтункор, шарттаки, жасур: агар кимдир шу сифатлар билан «аждарларнинг онаси» унвонига лойиқ бўлса, бу машҳур модель Мэй Маск бўлиши, шубҳасиз, деб ҳисоблайди Marie Claire нашри.

Фото: Getty Images

У ярим асрдан кўпроқ вақт давомида моделлик билан шуғулланган ва учта машҳур шахсни тарбиялаган. Бугун унинг катта ўғли Илон Маск муҳандис, ихтирочи, электромобиллар ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган Tesla ҳамда космик кемалар қурувчи SpaceX компаниясининг ташкилотчиси ва директори, 2020 йилда Марсга ўз ракеталарини учирди, кичик ўғли Кимбал — муваффақиятли ресторанлар эгаси ва таниқли филантроп (хайрия ишлари билан шуғулланувчи одам), қизи Тоска эса 2017 йилда Канн кинофестивалида ўз фильми билан иштирок этди, унинг 40 дан ортиқ лойиҳалари бор. Мэйнинг ўзи 70 йиллар арафасида CoverGirl косметика бренди билан моделлик бўйича шартнома имзолади. Аммо моделлик бизнеси унинг учун энг муҳим нарса эмас.

Мэй Маск моделлик карьерасининг аввалида (60 йиллар)

Фото: Getty Images

Она

Май 1948 йил 19 апрелда Канаданинг Саскачеван провинцияси пойтахти Режайнада дунёга келган, лекин у туғилганидан икки йил ўтиб, оила Африка Преториясига кўчиб ўтади. Саргузашт ва кашфиётларга бўлган эҳтирос Маскларнинг қонида бор. Майнинг ота-онаси Уиннифред Жозефина ва Жошуа Норман Холдеман саргузаштларни жонидан севувчи одамлар бўлган: 1952 йилда улар бир двигателли самолётда дунёни айланиб чиқишган, ўн йил давомида Калаҳари чўлидаги афсонавий Фарини шаҳрини қидиришган. Мэйнинг сўзларига кўра, унинг ота-онаси жуда машҳур одамлар бўлганига қарамай, бошқаларни назарга илмайдиган кибрли одамлар тоифасидан эмас эди.

Болалигида Илон бобосининг саргузаштлари ҳақида кўплаб ҳикояларни эшитган ва саваннада бўлган саёҳатларнинг слайд-шоуларини томоша қилган. «Бувим бу каби саёҳатлар пайтида улар ўлимдан атиги бир неча қадам нарида бўлишганини айтарди, — дейди Маск. — Улар самолётда ҳеч қандай техникасиз парвоз қилишган. Ҳатто радио ҳам бўлмаган. Парвоз хариталари ўрнига оддий йўл хариталаридан фойдаланишган, у эса ҳар доим ҳам тўғри келмас эди. Бобом бутун борлиғи билан саргузашт ва кашфиётларга берилган бўлиб, тушунарсиз нарсалар қилиб юрарди». Илоннинг тан олишича, унинг таваккал қилишга мойиллиги бобосидан мерос бўлиб ўтган.

Фото: Getty Images

Ёшлигида Мэй бошқалар сингари оддий қиз бўлган: математика ва бошқа фанларни яхши кўрар, мактабда яхши ўқирди. У 15 ёшга тўлганида атрофидагилар унинг бошқа жиҳатларига ҳам эътибор беришни бошлади. Мэй жуда гўзал эди:баланд бўйли ва тик қоматли, кул ранг сочли, қип-қизил ва чиройли юзли Мэй дугоналари орасида ажралиб турарди. Оиланинг бир дўсти моделлар мактабини бошқарарди ва Мэй у ерда ўқирди. Дам олиш кунлари у подиумга чиқар, журналлар учун суратга тушарди, вақти-вақти билан ҳурматга сазовор кишилар ташриф буюрган учрашувларга борарди, натижада Miss South Africa ​​танловининг финалчиси бўлди.

Мэй ва Эррол Маск —  Илоннинг отаси бир туманда катта бўлишган. Улар биринчи марта 1948 йилда — Мэй 11 ёшлигида танишишган. Эррол Мэйнинг академик муваффақиятига бефарқ эди, аммо кўп йиллардан бери уни севарди. «У менинг оёқларим ва тишларимни ёқтириб қолган», деб кулиб эслайди Мэй. Университетда ўқиш давомида улар доим учрашиб турган. Мэйнинг сўзларига кўра, Эррол етти йил давомида унинг доимий мухлиси бўлган ва ниҳоят унга эришган. «У бир зумга ҳам ортимдан қолмасди», — дейди Мэй.

Уларнинг никоҳи бошиданоқ осон бўлмаган. Мэй асал ойи давомида ҳомиладор бўлиб, Илонни 1971 йил 28 июнда — тўйларидан тўққиз ой-у икки кун ўтгач дунёга келтиради. Гарчи улар никоҳда жуда бахтли бўлмаса ҳам уларнинг Преториядаги ҳаёти жуда яхши эди. Эррол йирик қурилиш лойиҳалар офисларида, савдо марказлари, турар жой бинолари ва ҳатто ҳарбий ҳаво кучлари базасида ҳам муҳандис бўлиб ишлаган. Бир йилдан кўпроқ вақт ўтгач, Илоннинг укаси Кимбал ва кўп ўтмай синглиси Тоска дунёга келди.

Мэй модель сифатида ишлашдан ташқари фарзандлари тарбиясини ўқиш билан биргаликда олиб борди: аввал Жанубий Африкадаги Orange Free State университетининг диетология, кейин Торонто университетининг нутрициология мутахассислиги бўйича магистр даражаларини олди.

Фото: Getty Images

Кўп ўтмай, оилада ҳаловат йўқолди. 1979 йилда Маск хоним ажрашиш учун ариза берди. Мэй болалари билан Жанубий Африканинг шарқий соҳилидаги Дурбан шаҳрида жойлашган дала ҳовлига кўчиб ўтди.

Мэйнинг сўзларига кўра, ажралишдан кейинги биринчи йилда унга осон бўлмаган: у ва болалари Торонтога кўчиб ўтишган ва молиявий ёрдамсиз қолишган, унинг Жанубий Африка банк ҳисоб рақамларидаги пуллари ҳам музлатилган.

Мэй тўнғич фарзанди Илон билан

Фото: Getty Images

«Бир марта болалар сутни тўкиб юборганида йиғлаганман, чунки бошқа сут сотиб олишга пулим йўқ эди», — деб эслайди Мэй бир интервьюсида.

Илон, Кимбал ва Тоска ЖАРдаги уйларида

Фото: Getty Images

Ҳозирги замонавий оналардан фарқли ўлароқ, Мэй фарзандларининг таълим олишини назорат қилмаган, уй вазифаларини текширмаган ҳам, ака-укалар ҳатто онасининг имзосини сохталаштиришни ўрганиб олган. Кимбалнинг айтишича, улар жуда мустақил бўлиб улғайган. Болаларни тарбиялашга бўлган муносабати ҳақида сўрашганида, Маск хоним хотиржам жавоб беради: «Мен доим идеал она бўлганман».

Кимбал, Тоска, Мэй ва Илон Маск

Фото: Getty Images

Унинг сўзларига кўра, у ҳеч қачон фарзандлари ҳаётда ўз йўлини топа оладими, деб хавотирланмаган: «Бунга вақтим ҳам йўқ эди», деб жавоб беради у.  Бир неча йил ўтгач, Илон отаси билан яшашни хоҳлаётганини айтади. «Менга отам жуда ғамгин ва ёлғиздек туюлди: онамнинг уч фарзанди бор, унинг эса ҳеч кими йўқ эди, — дейди Маск. — Бу менга ноҳақликдек кўринди». «У нега мен унга яратиб берган бу бахтли оилани тарк этганини тушуна олмадим, — деб шикоят қилади Мэй. — Аммо Илон ҳар доим ўзи нимани тўғри деб билса, ўшани қиларди». Кейинчалик Кимбал ҳам отасиникига кўчиб ўтди ва буни ўғил отаси билан яшаши табиий ҳол экани билан тушунтирди. Аммо Илоннинг сўзларига кўра, бу нарса у бугун пушаймон бўлган кам сонли қарорларидан бири бўлган.

«Болалик йилларим яхши бўлмаган деб айтишим мумкин, — дейди у. — Тасаввурда яхши кўриниши мумкин, аммо ундай эмас эди. Аксинча болалигим азоб-уқубатларга тўла бўлган. Отам ҳаётни маъносиз қилишни жуда яхши биларди. У ҳар қандай вазиятни, энг яхшисини ҳам — ҳамма нарсани бузиши мумкин эди. У бахтсиз одам. Билмайман...одам қандай қилиб бундай бўлиб қолиши мумкин».

Гарчи Илон ва Кимбал ҳозиргача бу ҳақда батафсил сўзлаб беришни рад этишса-да, улар оталари билан бўлган вақт давомида жиддий жисмоний жароҳатларга ҳам дуч келганликлари аниқ. Иккаласида ҳам қандайдир руҳий қийноқ таассуротлари борлиги сезилади.

Собиқ турмуш ўртоғи Эррол ҳақида гап кетганда Мэй шундай дейди: «Ҳеч ким у билан тил топишолмасди. У билан яшаш қийин эди. У ҳақда гапиришни хоҳламайман, чунки буларнинг барчаси даҳшатли туш каби».

Чапдан ўнгга: Тоска, Кимбал Мэй ва Илон

Фото: Getty Images

«Журнал муқовасидаги бувижон»

Муқовасида Мэй тасвирланган д4 Магазине журнали ва BBC рус хизматининг модель ҳақидаги мақоласи

Фото: Getty Images

80 йиллардан бошлаб Мэй Маск, асосан, овқатланиш тиббиёти билан шуғулланади, шу бўйича маърузалар ўқийди, баъзида моделлик қилиш ёки видеоклипларда суратга тушишдан ҳам бош тортмайди (уни Бейонсенинг Haunted қўшиғи клипида кўриш мумкин).

Аммо бир неча йил олдин унинг моделлик карьерасида бурилиш даври бўлди — Мэй нафақат фотосессияларда, балки подиумларда ҳам модель сифатида иштирок этиш бўйича келиб тушган кўплаб таклифлар туфайли нутрициолог сифатида иш жадвалини қайта кўриб чиқишга мажбур бўлди.

80—90 йиллардаги фотоссесиялар

Фото: Getty Images

Мэйнинг «буюк ва даҳшатли» Илон Маскнинг онаси бўлгани унинг моделлик фаолиятига ҳеч қандай таъсир кўрсатмади. Суратга тушиш жараёнларида у ҳали ҳам фарзандларингиз борми, деган саволни тез-тез эшитиб туради.

«Янги давр» фотоссесияси

Фото: Getty Images

Маск хонимнинг айтишича, 2017 йил у учун, айниқса, эътиборли воқеаларга бой бўлган — ўтган 50 йил давомида у ҳеч қачон бунчалик фаол ишламаганди.

Фото: Getty Images

2016 йилнинг кузида Мэй CoverGirl косметика брендининг юзига айланган биринчи катта ёшдаги аёл бўлди. Мэй бу шартномага фақатгина пул учун рози бўлмаган. «Менимча, 69 ёшида ҳам бюти-компаниянинг юлдузига айланиш мумкинлиги аёлларга илҳом бағишлайди. Мен учун ёш муаммо эмас, балки ажойиб нарса. Бундай пайтда ўзингизга ишонч ҳосил қиласиз, муаммоларни осонроқ ҳал қиласиз. Мен ўз ёшимга яраша моделман ва 50 ёшдаман деб яширишга уринмайман. Яқинда 70 ёшга тўламан ва бундан фахрланаман», — дейди ўша пайтда хоним. Ва қўшимча қилган ҳолда: «Ахир ҳаммаси эндигина бошланмоқда», — дейди Мэй Маск

Май Dolce & Gabbana Alta Moda кўргазмасида модель сифатида, 2018 йил 8 апрель

Фото: Getty Images

#justgettingstarted

#justgettingstarted — Мэй Маскнинг Instagram’даги энг машҳур ҳештаги. «Ҳаммаси эндигина бошланмоқда» — унинг шиори, ҳатто ҳаётдаги фалсафаси деб айтиш ҳам мумкин. Хоним келажакка яхши умид билан қарайди ва унинг учун ажойиб намуна — Мэйнинг онаси. Мэйнинг сўзларига кўра, онаси Уиннифред Жозефин нафақага чиқиш ҳақида умуман ўйламаган: 94 ёшида компьютер графикасини ўрганиш учун MacBook ишлата олган ва 96 ёшгача жисмоний жиҳатдан жуда фаол бўлган.

Мэй Маск Карли Клосс билан бирга

Фото: Getty Images

«Мен доим шундай бўлганман. Нафақа сўзи менинг луғат бойлигимда йўқ», — таъкидлайди Мэй Маск.

Фото: Getty Images

Аммо Маск хоним ёш моделлар билан умуман рақобатлашмоқчи эмас — унинг ўз тамойиллари бор. Шунинг учун ҳам 60 ёшидан бошлаб у сочларини бўямайди: «Бу жуда ажойиб. Сочларим узоқ вақтдан бери жигарранг жингалак эди ва кўпинча илдизларини бўяб юрардим. 60 ёшга кирганимда сочларимнинг ҳақиқий рангини кўришни хоҳлаб қолдим. Аввалига сочимни оч сариқ рангга бўядим, кейин эса калта қилиб кестирдим».

1990 ҳамда 2010 йиллардаги суратлари

Фото: Getty Images

У ҳар куни эрталаб ярим соат вақтини велотренажорда ўтказади, чалқанча ётганча чўзилишни ҳам унутмайди. Нутрициолог сифатида Мэй режали овқатланиш қанчалик муҳим эканини билади ва ҳар куни таомлар рўйхатини тузишга ҳаракат қилади. «Акс ҳолда вазним назоратдан чиқиб, семириб кетаман. Ҳозир ҳам озғин эмасман», — дейди у.

Фото: Getty Images

Бундан ташқари, Маск хоним ҳозиргача тўғри овқатланиш бўйича тадқиқотлар олиб бормоқда — у бу иш билан шуғулланишни яхши кўради. Шунингдек, у ҳар доим ёш ҳамкасбларига чекмасликни маслаҳат беради: уйнинг сўзларига кўра, чекиш тери рангини ҳамда моделлик карьерасини бузади.

Илон билан муносабатлари қандай?

Фото: Getty Images

Илон ёшлигиданоқ қизиқувчан ва ғайратли бола эди. У учун ҳамма нарса осон эди ва Мэй кўплаб оналар сингари ўғлини даҳо, деб ҳисобларди. «У бошқа болаларга нисбатан тез тушунарди», дейди у. Фақатгина уни Илоннинг транс ҳолатига тушиб қолиши ташвишлантирарди. У билан гаплашишарди, лекин у эшитмасди ва узоқларга қарарди. Бу шунчалик тез-тез содир бўла бошладики, ота-онаси ва шифокорлар болани кар деб ўйлай бошладилар. «Баъзан у бизни умуман эшитмасди», — дейди Мэй. Шифокорлар болани текширишади ва одатда эшитиш қобилиятини яхшилайдиган аденоидларни олиб ташлашни таклиф қилишади. Бу ёрдам бермаслигини тушунган Мэй Илоннинг аҳволи эшитиш билан эмас, балки миясининг ўзига хос хусусиятлари билан боғлиқлигини ҳис қиларди. «У ўзини унутар, бошқа дунёга тушиб қоларди, — дейди у. – У ҳозир ҳам шундай бўлиб қолади. Энди бунга аҳамият бермайман: чунки у бу пайтда янги ракета ёки шунга ўхшаш нарсани ўйлаётганини биламан».

Мэй катта ўғли билан яхши муносабатда. 2017 йилда улар Vanity Fair кечасида бирга кўриниш берган. Мэй аслида Илондан олдин у машҳур бўлганини айтиб ҳазиллашади. Шунинг учун ҳам Tesla автомобилини биринчилардан бўлиб онасига бериши кераклигини гап орасида қистириб ўтади.

Фото: Getty Images

Аслида эса Мэй ҳам ҳар бир янги Tesla моделини бошқа харидорлар сингари кутишга мажбур. Яхши муносабатларга қарамай, у Илоннинг онаси бўлгани учун ҳам бошқа мижозларидан олдин автомобилга эга бўлиши даргумон. Лекин Мэй бундан шикоят қилмайди, чунки унинг учун «ҳаммаси эндигина бошланмоқда».

2018 йиллар

Фото: Getty Images

2019 йиллар

Фото: Getty Images