Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси сайловчи сайлов бюллетенини суратга олиб ижтимоий тармоқларга жойлаши мумкинми деган саволга жавоб қайтарди.

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Маълум қилинишича, сайловчининг ушбу хатти-ҳаракатлари қатъиян тақиқланади. Сайлов бюллетенини овоз бериб бўлгач, суратга олиб ижтимоий тармоқларга жойлаштириш сайловнинг яширин овоз бериш принципини бузиш ҳисобланади.

Таъкидланишича, ҳозирги кунда барча сайлов участкаларидаги овоз бериш кабиналарига суратга олишни тақиқлаш тўғрисидаги плакатлар жойлаштирилмоқда.

«Ҳурматли фуқаролар сайловнинг яширин овоз бериш принципини сақлаган ҳолда, сайлов бюллетенини овоз бериб бўлгач суратга олиб ижтимоий тармоқларга жойлаштирмаслигингиз сўралади», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Ўзбекистонда президентлик сайловида ҳар бир туман ва шаҳардаги фақат битта участкага видеокамералар ўрнатилиши тўғрисида хабар берилганди.