«Фарзандликка олиш тартибининг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун Президент томонидан имзоланди, деб хабар беради «Ҳуқуқий ахборот» канали.
Киритилган ўзгартишларга кўра, фарзандликка олишни истисно қилувчи жиноятлар аниқ белгиланган. Хусусан, ҳаётга, соғлиққа, жинсий эркинликка, оилага қарши, ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш, гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ ва бошқа бир қатор жиноятларни қасддан содир этган шахслар фарзандликка олувчилар бўлиши мумкин эмас. Илгари қасддан ҳар қандай жиноятни содир этганлар фарзандликка олувчи бўлиши тақиқланган.
Шунингдек, ҳукумат томонидан тасдиқланадиган айрим касалликларга чалинганлар ҳам фарзандликка олувчи бўлиши мумкин эмаслиги белгиланди.
Аввалроқ Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида Миллий гвардия қўмондони, генерал майор Рустам Жўраев меҳрибонлик уйлари ва болалар шаҳарчалари фаолияти тўғрисида ахборот берганди. Унинг сўзларига кўра, республикада фаолият юритаётган 13 та болалар уйларида жами 504 нафар бола тарбияланаётган бўлса, уларни фарзандликка олиш учун ҳозирги кунда навбатда 5792 нафар фуқаро турибди.
«Фуқароларни йиллар давомида фарзандликка олувчилар рўйхатида навбатда туришлар, улар томонидан қонуний ҳужжатлар расмийлаштириш жараёнини четлаб ўтиб, ноқонуний йўллар билан бола сотиб олиш даражасига олиб бормоқда», — деган эди Рустам Жўраев.
Эслатиб ўтамиз, Президент 9 августдаги қарори билан меҳрибонлик уйлари (16 та, 1 541 нафар бола), болалар шаҳарчалари (4 та, 236 нафар бола), оилавий болалар уйлари (5 та, 46 нафар бола) ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимининг болалар уйлари (13 та, 506 нафар бола) Миллий гвардияга бириктирилган эди.
Изоҳ (0)