8 октябрь куни Истанбул Бош прокуратураси чечен мухолифатчиларига қуролли ҳужум уюштиришга тайёргарлик кўрганликда айбланаётган тўрт нафар Россия, шунингдек, Украина ва Ўзбекистон фуқароларини ҳибсга олди. Бу ҳақда Туркиянинг Hurriyet нашрига таяниб, Meduza хабар берди.

Фото: Hurriyet

Қўлга олинган шахслар сиёсий ва ҳарбий жосусликда айбланмоқда. Бу каби жиноят учун Туркияда 15 йилдан 20 йилгача қамоқ жазоси тайинланиши мумкин. Суд айбланувчиларни ҳибсга олган ва ҳозирда улар Истанбулдаги Малтепе қамоқхонасида сақланмоқда.

Hurriyet газетаси ҳибсга олинганларнинг исмларини эълон қилган: булар Россия фуқаролари — Абдула Абдулаев, Равшан Аҳмедов, Бислан Расаев ва Асланбек Абдулмуслимов, шунингдек, Украина фуқароси Игорь Ефрим ва Ўзбекистон фуқароси Амир Юсупов.

8 октябрь куни CNN Turk полиция ва Туркия Миллий разведка ташкилоти сиёсий ва ҳарбий жосусликда гумонланаётган шахслар қўлга олинганини маълум қилганди. Улар Истанбул ва Анталияда қуролли ҳужумларни амалга оширишда тайёргарлик кўрганликда гумонланган. Қўлга олинган шахслар ёнидан Россия фуқаролик паспортлари топилган, аммо ҳужжат ҳақиқий ёки сохталиги аниқ бўлмаган.

Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков 11 октябрь куни содир бўлган воқеа бўйича маълумотга эга эмаслигини билдирган. «Агарда улар ростдан ҳам Россия фуқаролари бўлса, дипломатик каналларимиз бўйича бирор маълумот олиб бўлганмиз ёки энди оламиз. Аммо бу борада ҳеч нарсадан хабаримиз йўқ», — деган эди у.