Марказий банк бошқаруви 21 октябрь куни бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишда асосий ставкани ўзгаришсиз — йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Шу билан бирга, «Пул-кредит сиёсатининг 2022 йил ва 2023—2024 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишларининг дастлабки концептуал лойиҳаси» ҳам кўриб чиқилиб, маъқулланди.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йил бошида йиллик ставка 14 фоиз этиб тасдиқлаганди. 2019 йилда ушбу ставка 16 фоизгача кўтарилганди. 2020 йил март ойида ҳам базавий ставка ўзгаришсиз қолдирилиб, 16 фоиз деб белгиланганди.
Марказий банк бошқарувининг 2020 йил 14 апрелдаги қарори билан асосий ставка 1 фоизга пасайтирилиб, йиллик 15 фоиз даражасида белгиланган эди. Июнь ойида эса Марказий банк асосий ставкани пасайтириши ҳақида хабарлар тарқалди, бироқ 11 июнь куни асосий ставка бўйича қарор қабул қилинган ва у 15 фоиз миқдорида ўзгаришсиз қолдирилганди.
2020 йил 10 сентябрь куни Марказий банк бошқаруви асосий ставкани 1 фоизга пасайтириб, 14 фоиз этиб белгилади. Шундан буён асосий ставка йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилмоқда.
Изоҳ (0)