Марказий банк Ўзбекистонга 2021 йилнинг январь-сентябрь ойларида хориждан юборилган пул ўтказмалари ҳажми 5,7 миллиард долларни ташкил этганини маълум қилди.
Бу кўрсаткич 2020 йилнинг мос даврига (4,3 миллиард доллар) нисбатан 34,2 фоизга, 2019 йилнинг мос даврига (4,5 миллиард доллар) нисбатан эса 29 фоизга кўп.
«Gazeta.uz»нинг Марказий банкнинг 2021 йилнинг 9 ойи якунлари бўйича тўлов баланси жорий операциялари ҳисобининг дастлабки кўрсаткичлари асосида тайёрланган ҳисоботига таяниб ёзишича, ушбу пул ўтказмалари аҳоли бирламчи ва иккиламчи даромадлари ўсишини таъминлади. Жаҳон банки таҳлилчилари ҳам иқтисодиётнинг тикланишига меҳнат мигрантлари пул ўтказмалари ҳажмининг ортиши кўмаклашишини қайд этган.
Қайд этиш лозимки, амалиётда пул ўтказмалари нафақат қисқа муддатли ишчилар ва норезидентлар (бир йилдан ортиқ муддат давомида чет элда бўлган ишчилар) томонидан оилаларига маблағ юбориш мақсадида, балки ташқи савдо операциялари бўйича ҳисоб-китоблар мақсадида ҳам амалга оширилиши мумкин.
Аввалроқ Марказий банк асосий ставкани яна ўзгаришсиз — йиллик 14 фоиз даражасида қолдиргани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)