Ўзбекистоннинг расмий захира активлари 1 октябрь ҳолатига кўра 34,41 миллиард долларни ташкил этди. Бу ҳақда Марказий банк маълумотларида келтирилган.

Фото: Bloomberg

Spot’нинг қайд этишича, сентябрь ойи билан таққослаганда бу кўрсаткич 1,02 миллиард долларга ёки 2,9 фоизга камайди. Йўқотишларнинг ярми олтинга тўғри келди. Бир ой давомида унинг миқдори 200 минг троя унциясига ошди, лекин унинг умумий қиймати 528 миллион долларга камайди. Ўшанда олтиннинг бир унцияси 1762 доллар атрофида эди, 1 октябрь ҳолатига кўра — 1760 доллар. Бироқ ҳозир ушбу қимматбаҳо металлнинг бир троя унцияси нархи 1775 долларгача кўтарилди.

Ҳозирда Ўзбекистонда 21,345 миллиард долларлик олтин захираси бор — бу 12,3 миллион троя унцияни ташкил этади (тахминан 382,6 тонна бўлиб, ўтган ойга қараганда 6 тоннага кўп).

Захиралар камайишининг қолган ярми хорижий валютадаги активларга тўғри келган бўлиб, у пасайишда давом этмоқда. Сентябрь ойида валютадаги активлар 479 миллион доллардан 11,95 миллиард долларгача камайди.

Ҳозирги захиралар 18 ойдан ортиқ вақт давомида импортни молиялаштиришга етади. Бу ривожланаётган мамлакатлар учун халқаро ташкилотлар томонидан тавсия этилган 3 ойлик даражадан анча юқори.

Захиралар, шу билан бирга, мамлакатнинг «хавфсизлик ёстиқчаси» сифатида қаралади — улар салбий ташқи шок ҳолатларда зарбани камайтирувчи омил сифатида зарур ва захираларнинг етарлилиги шок ҳолатларнинг хусусиятига бевосита боғлиқ.