Франческо Тотти 1976 йилнинг 27 сентябрида Римда таваллуд топган. Бутун фаолиятини «Рома»да ўтказган «Император» 45 ёшга кирди. Шу муносабат билан Тоттининг автобиографик китобида «Сардор»даги энг қизиқ воқеалар тақдим этилади.

Фото: Getty Images

«Рома»га эмас, «Милан» ёки «Лацио» академиясига қабул қилиниши мумкин эди

1988 йилда 12 ёшли Тотти «Лодижани»нинг ёшлар жамоасида 8-рақам остида ҳаракат қиларди. Бир куни «Милан» жамоаси бош директори Арьедо Брайданинг шахсан ўзи Тоттининг уй телефонига қўнғироқ қилди. Орадан бир неча соат ўтиб, Франческонинг уйига ташриф буюрди. Онаси, отаси Лоренцо, акаси Риккардо меҳмоннинг қарама-қаршисида ўтирар, ёш Ческо эса бу вазиятда унинг овоз беришга ҳақи йўқлигини билган ҳолда хона бурчагида қолганларни кузатарди.

«Жаноб Тотти, ‘Милан’ дунёнинг энг яхши жамоаси бўлиши учун президент Берлускони жиддий инвестиция киритмоқда. Икки йил мобайнида биз жуда кўп юлдузларни харид қилдик, энди ёшларга ҳам имконият бермоқчимиз. Паоло Мальдини — бизнинг сиёсатимиз рамзи. Римда ‘Милан’нинг скаутлари бисёр, уларнинг барчаси ўғлингиз Франческонинг иқтидори ҳақида гапиряпти. Агар у бизнинг жамоага ўтса, хурсанд бўлардик. Франческо буюк футболчи бўлишига шубҳам йўқ, бу борада унга ‘Милан’дан бошқа ёрдам берадиган жамоа кўрмаяпман», — деганди Брайда.

Фото: Instagram / Франческо Тотти

Арьедонинг қўлида шартнома бор эди, унга кўра Франческо «Лодижани»да бир неча йил қолиши, «Милан»дан бошқа барча жамоаларнинг таклифини рад этиши керак эди. «Россонерилар» оиланинг Миланга ҳар бир ташрифи пулини тўлаб беришга, «Лодижани»га эса 150 миллион лира беришга ваъда берганди. Лекин Катта Тотти рози бўлмади.

Лоренцо фарзандининг уйни тарк этиши учун ҳали ёш деб ҳисобларди. Ундан ташқари футбол федерациясидаги дўсти икки йилдан сўнг Ческонинг нархи қимматроқ бўлишини айтган эди.

Тез орада «Лодижани» иккита жамоадан таклиф олади: «Рома» ва «Лацио». «Бургутлар» пул бермоқчи эди, «бўрилар» эса футболчи алмаштиришни таклиф қилди. «Лодижани»га «Лацио»нинг таклифи ёқди. Лекин танловни Тоттининг ота-онаси қабул қиларди.

Франческо 9 ёшида «Рома»нинг ўйинларига қатнай бошлади, онаси «Лацио»га мухлислик қиларди, Риккардо бир куни рафиқасига: «Ческо ‘Рома’га ўтишни истайди, мен эса унинг қарорини қўллаб-қувватлайман», — деди. Тоттининг келажагига ойдинлик киритилди.

Буффон ва Каннаварога «Рома»га ўтишни маслаҳат берган

Тотти ҳақидаги миш-мишлардан бири — у «Рома»га юлдузларнинг олиб келинишига қарши бўлган. Айтишларича, футболчи раҳбариятни жаҳон даражасидаги футболчиларни олиб келмасликка кўндиришга уринган. Чунки юлдузларнинг келиши унинг жамоадаги даражасига таъсир ўтказиши мумкин эди.

Тотти бу миш-мишни кулгили деб ҳисоблайди.

Фото: Getty Images

Аслида барчаси бошқача. Ғалаба қозонишимиз учун бизга катта футболчилар керак эканини тушунаман. Ким қанча пул ишлаб топиши билан қизиқмаганман. Ҳеч кимга ҳасад ҳам қилмайман. Жамоа Батистутани харид қилишини эшитганимда, болаларча хурсанд бўлганман.

‘Рома’нинг кучлироқ бўлишини қанчалик хоҳлашимни Буффон ва Каннавародан сўрашингиз мумкин. Мен уларни Римга келишга кўндириш учун қанча ҳаракат қилганман.

Франческо Тотти

2001 йилда «Рома» «Парма»га қарши ўйиндан сўнг чемпионликни қўлга киритган, Буффон эса римликларни табриклаш учун кийим алмаштириш хонасига келганди. «Президент, ана у! Уни қўйиб юборманглар!», — деганди шампань виноси ичиб олган Тотти. «Рома» ҳақиқатан ҳам Жанлуижини харид қилишга уриниб кўрди, лекин ёзда у «Ювентус»га ўтиб кетди.

2006 йилги мундиалдаги ғалабадан сўнг Тотти иккинчи марта Буффонни Римга таклиф қилди: «Римда чемпионликни нишонладик, жуда кўп ичдик, Чирко Массимо одамлар билан тўлганди. Мен унга: «Тасаввур қил, скудеттони олиш — такрорланмас ҳиссиётлар дегани». Жижи жилмайди ва ҳатто рози бўлди: «Ҳа, мен ‘Рома’га ўтишим лозим», — деганди. Эртаси куни Буффон билан бу масалани муҳокама қиламан деганимда, у аллақачон Туринга учиб кетган экан».

Чемпионликдан сўнг Римни маст ҳолатда айланди

Кийим алмаштириш хонасида скудеттони нишонлаш бошланди. «Биз куйладик ва рақсга тушдик, мен ‘Гладиатор’ фильмидан иқтибос келтирардим, Хидетоши Наката жимгина бурчакда китоб ўқиб ўтирарди. Шампань виносидан сўнг негадир ўзимни ёмон ҳис қила бошладим. Умуман ичкилик ичмасдим, шампанни эса оч қоринга ичиб юборгандим».

Фото: Getty Images

Кейин эса байрамни ҳамма алоҳида нишонлай бошлади. Бразилияликлар ўзлари базм уюштирди, Батистута Делвеккиога қўшилди, жамоанинг бир қисми Монтелланинг уйига йиғилди. Ярим тунда Фабио Капелло ҳам базмга қўшилди, чемпионлик байрами Капелло ва Винченсенинг туғилган куни билан улашиб кетди.

Тотти ўзини таниб қолмасликлари учун дубулғани кийди ва мопедни миниб, Римни айланишга кетди. «Жуда кўп шампан виноси ичиб юбориб, хато қилганман. Лекин жуда секин ва тартибли ҳайдадим. Бу лаҳзаларни ўтказиб юбориш мумкин эмасди — бутун шаҳарда одамлар, Рим сариқ-қизилга бурканган. Бу ҳаётимдаги энг яхши тун эди».

Туни билан кўчада, ресторанда юрган Тоттини эрталаб яқинлари уйга олиб бориб қўйди.

Фабио Капелло билан 12 йил гаплашмаган

2003/04 йилги мавсумда «Рома» чемпионлик учун асосий даъвогар бўлса-да, иккинчи ўринни эгаллади. Капелло ўзини ушлаб туролмади, жаҳл билан Тотти, Эмерсон ҳамда Вальтер Самюэль билан юқори тонда гаплашди. Мураббий футболчиларнинг машғулотларга масъулиятсиз ёндашгани ёмон натижаларга олиб келганини айтди. Бу эса уларнинг жаҳлини чиқарди ва табиийки, футболчилар ҳам жим турмади.

Фото: Getty Images

Франческо Тотти Капелло ҳақида илиқ фикр билдиради — уни талабчан, улкан тажрибали, ғолиб жамоа тарбиялайдиган мураббий, деб атайди. Лекин Фабионинг «Рома»дан кетиши Тоттини хафа қилди.

Мавсум тугаганидан ўн кун ўтиб «Ювентус» Фабио Капеллони бош мураббий бўлганини эълон қилди. Бутун жамоа шок ҳолатига тушиб қолди, ҳеч ким музокаралар ҳақида эшитмаган эди. Тотти Капелло билан бу хабарни муҳокама қилишга улгурмай қолди. «Капелло шунчаки нарсаларини йиғиштирди ва қочиб кетди. Бундай мураббийни фаолиятимда бошқа кўрмадим», — дейди Франческо.

Улар 12 йил мобайнида гаплашмади, шунчаки кўришиб қолганда саломлашишди, холос. 2016 йилда бўлиб ўтган хайрия ўйинида улар орасидаги «муз эриди». «Биз саломлашдик ва ҳеч нима содир бўлмагандек гаплашиб кетдик. Кейин эса Дубайдаги маросимда бир стол атрофида ўтирдик. Икки соатни мароқ билан ўтказдик, шунда биз боғланганимизни тушундик — ахир, ‘Рома’ни чемпион қилганмиз».

«Реал»га рад жавобини берган

Флорентино Перес фожиа содир бўлган кун — 2001 йил 11 сентябрда биринчи уринишни амалга оширди. «Рома» ва «Реал» делегацияси Чемпионлар Лигасидаги ўйиндан олдин кечки овқатни биргаликда қилди ва мадридликлар президенти Франко Сенсига мурожаат қилди: «Биласанми, дунёнинг энг яхши футболчиларини ‘Реал’га олиб келмоқчиман. Шунинг учун Тотти билан музокара ўтказишимга рухсат берсанг дегандим. Бу ҳазил эмас. Нархни айт, мен тўлайман».

Сенси эса қатъий жавоб берди: «Бу муҳокама қилинмайди. Тотти менинг ўғлим каби. Унинг трансфери ҳақида гаплашишни хоҳламайман».

Фото: Getty Images

2004 йилда «Реал» агент Эрнесто Бронзеттини ишга олди — италияликнинг асосий вазифаси Тоттини Мадридга ўтишга кўндириш эди. Уч йилда жамоанинг молиявий ҳолати ўзгарди (Кафу, Батистута, Капелло кетди, 2003 йилда жамоа саккизинчи ўринга тушиб кетди), «Рома» қаршилик кўрсатишга ожиз бўлиб қолди. «Бўрилар» энг охирги ўринга тушиб қолди, мураббийлар бирин-кетин алмаша бошлади — «Реал» вазиятдан унумли фойдаланишга қарор қилди.

«Рома» қуйи дивизионга тушиб кетмаслигига ишонч ҳосил қилганидан сўнг, 2005 йил 22 майда «Реал» Тотти учун расмий таклиф юборди. Футболчи учун «Рома»дагидан кўра кўпроқ маош — йилига 4,2 миллион евро ваъда қилинди. Бундан ташқари футболчининг исми ишлатилган атрибутлар учун яна 15 миллион бериларди. Бу эса Тоттини дунёдаги энг кўп маош оладиган футболчига айлантириши мумкин эди. «Рома» эса футболчи учун 60 миллион евро олиши кўзда тутилганди.

Тотти никоҳ тўйига тайёргарлик кўраётган эди, бўлажак рафиқаси Мадридда яшашга қарши эмасди. Отаси бунга қарши бўлди, акаси Риккардо эса бундай пулдан воз кечиш керак эмас, деб ҳисобларди. Франческо онаси билан гаплашмади.

«Онамга Мадридга кетаётганимни қандай айтишни билолмадим. Мени машғулотларга олиб боргани, дарсларни машинада бирга қилганларимиз ёдимга тушди. Биринчи маошимни олганимда қанчалар хурсанд бўлганини эсладим. Шунда қарор қилдим — ‘Реал’ мен учун эмас. Мен ‘Рома’ билан боғланганман».

Июнь ойининг бошида Тотти «Рома» директори Даниэле Прадега қўнғироқ қилиб: «Янги шартнома юзасидан учрашишимиз керак. Ҳеч қандай ‘Реал’ бўлиши мумкин эмас. Менинг жойим шу ерда», — деди.

2016 йилда Тотти «Реал»га қарши ўйнаш учун «Сантьяго Бернабеу»га ташриф буюрди. У ўзи билан 30 та футболкани совға сифатида олиб келганди. Биринчиси Флорентино Пересга насиб этди. Мадридликлар президенти: «Менга рад жавобини берган ягона футболчисан», — деганди.

2006 йилги Жаҳон Чемпионати финалидан олдин италияликлар қарта ва FIFA ўйнарди

Германияда бўлиб ўтган мундиал олдидан Тотти жиддий жароҳат олганди. Шундай бўлса ҳам у етти ўйиндан олтитасида асосий таркибда майдонга тушди. Нимчорак финалда Австралияга қарши ўйинда ғалаба голини урди ва ундан ташқари тўртта голли узатмани амалга оширди.

Францияга қарши финал олдидан тун қандай ўтганини Франческо Тотти ҳикоя қилади:

«Тунги соат 23:00 да хонага кирдик ва чироқларни ўчирдик. Бир неча дақиқадан сўнг йўлакда қадам товушлари эшитилди. Эшик очилди ва Гаттузо кириб келди.

— Ухлаяпсанми?

— Йўқ, уйқим келмаяпти.

— Қарта ўйнаймизми?

Ярим соат ўйнаймиз ва кейин ухлаймиз, деб ўзимизга ваъда бердик. Сал ўтиб, Перотти бизга қўшилди ва ўйин чўзилди. Матераццининг хонасида шовқин бошланди, уни текшириб кўришга қарор қилдик.

Марко де Росси, Оддо, Пирло, Бароне ва Яквинта FIFA ўйнаётганди. Фақатгина дел Пьеро ухлаётганди. У бизга бунақа финалларда кўп иштирок этгани, шунинг учун хотиржамлигини айтганди.

Буффон «Уимблдон» томоша қилиб ўтирганди, Амелия эса фалсафа ҳақида китоб ўқиётган эди. Тонгги соат 06:00 да ухладик ва 08:30 да нонуштага уйғондик. Нонушта вақтида ҳамма жим эди, чунки барчанинг уйқуси келаётганди. Машғулотлар вақтида ўзимизга келдик».

Тоттининг сўнгги ўйини куни қизи вафот этишига бир бахя қолганди

Франческо рафиқаси ва фарзандлари Кристиан ҳамда Шанель тунги 03:30 ларда уйга қайтди. Улар Тоттининг футболдан кетгани муносабати билан базм уюштирганди. Кичик фарзанди Изабель эса уйда энага билан қолганди. Тотти оиласи билан уйга кириб келган вақтда Изабелнинг тоби қочиб қолди. У нафас ололмасди.

Рафиқаси қизини олиб, шифохонага йўл олди. Франческо эса уйда болалар билан қолди. «Ўша лаҳзада мен барчасини унутдим: футболни ҳам, фаолиятимни ҳам, хайрлашувни ҳам. Фақатгина қизим тузалиб кетишини сўрардим».

Фото: Getty Images

Шифокорлар ларингаспазм — ҳалқум мушакларининг тўсатдан қисқариши  ташхисини қўйди. Сабаби эса қизалоқнинг майсага аллергияси борлиги эди. Изабель жуда кўп вақтини «Олимпико» стадионида отаси билан бирга ўтказганди. Антибиотиклар ёрдамида қизалоқ қутқариб қолинди.

«Менимча, ҳаёт менга вақтни яхши ўтказдинг, барчасининг охири бор, байрам тугади, қабилида огоҳлантириш берди, шекилли», — деганди Тотти.

Эрталаб рафиқаси ва қизи уйга қайтди.