ФИФА Жаҳон Чемпионатини ҳар икки йилда ўтказишни режалаштирмоқда. Бу ғоя Арсен Венгерга тегишли. Лекин бунга қаршилар бор, УЕФА бойкот қилиш билан таҳдид қиляпти. Яқин йилларда кутилаётган ўзгариш ҳақида РБК тайёрлаган мақола ўзбек тилида тақдим этилади.

УЕФА президенти Александр Чеферин (чапда) ва ФИФА президенти Жанни Инфантино (ўнгда)

Фото: Getty Images

2021 йил май ойидан буён ФИФА Жаҳон Чемпионатини ислоҳ қилиш масалаларини муҳокама қилмоқда. ФИФА конгрессининг охирги йиғилишида мундиални ҳар икки йилда ўтказиш варианти муҳокама қилинди. Ислоҳотнинг асосий сабаби «молиявий ва спортдаги тенгсизлик» қилиб кўрсатилди.

Биз футболни ҳақиқатда глобал миқёсга олиб чиқиш учун ишлашимиз керак. Дунёнинг энг яхши 20 та клуби Европанинг бешта мамлакати шарафини ҳимоя қилади. Жаҳон Чемпионатида эса ярим финалдан бошлаб олтита конфедерациядан иккитаси — Европа ва Жанубий Америка жамоалари етакчилик қилади.

Жанни Инфантино, ФИФА президенти

Бу ғояни лигалар, Европа мухлислар ассоциацияси, УЕФА қўллаб-қувватламади. УЕФА президенти Александр Чеферин ФИФА бу қарорини қайта ўйлаб кўрмаса, Жаҳон Чемпионатини бойкот қилиши мумкинлигини айтди.

Ислоҳот ғояси қандай пайдо бўлди

2019 йилда «Арсенал»нинг собиқ бош мураббийи Арсен Венгер ФИФА футболни ривожлантириш бўлими бошлиғига айланди ва Чемпионлар Лигаси, собиқ жамоаси натижалари, Карим Бенземанинг Франция терма жамоасига чақиртирилиши ҳақидаги хабарлар билан тез-тез ОАВда кўриниш бера бошлади. Франциялик мутахассиснинг янги лавозимидаги энг эсда қоларли баёноти Жаҳон Чемпионатини икки йилда бир марта ўтказиш таклифи бўлди.

2021 йил июлда Венгер Kicker нашрига интервью берди. Унда кўтарилган асосий масалалар:

  • Жаҳон Чемпионатини тўрт йилда эмас, икки йилда бир марта ўтказиш таклифи;
  • Саралаш ўйинларини камайтириш — терма жамоа йиғинларини ҳам камайтириш. Венгер ғоясига кўра саралаш босқичи ўйинларини 7 тага қисқартириш (ҳозир 10 та), саралаш ўйинлари ўтказиладиган кунларни эса 50 кун ўрнига 28 кунга қисқартириш;
  • Футболчилар терма жамоа мусобақаларидан сўнг дам олиши ҳам кераклиги;

Арсен Венгер

Фото: Getty Images

Тасаввур қилинг, 2026 йилда Жаҳон Чемпионати, 2027 да Европа ва бошқа қитъа чемпионатлари, орадан бир йил ўтиб навбатдаги мундиал ва ҳоказо. Кўпроқ плей-офф, камроқ саралаш баҳслари. Бу мухлислар истаган нарса. Ҳозиргидек бешта эмас, битта ёки максимум иккита терма жамоа йиғинлари тарафдориман. Терма жамоалар октябрь ойида 7 та саралаш ўйини ўтказсин, июнда эса мусобақанинг финал босқичи бўлиб ўтади. Бу футболчилар учун фойдали, жароҳатларнинг олдини олади. Қўшимчасига финал босқичидан кейин футболчилар 25 кун дам олади.

Арсен Венгер

Бу ғоя ФИФАнинг собиқ президенти Ёзеп Блаттер томонидан 1999 йилда таклиф қилинганди, Венгер эса буни такомиллаштирди. Собиқ мураббий билан биргаликда лойиҳа устида ФИФАнинг техник консултатив гуруҳи (ТАГ) иш олиб борди ва улар «эркаклар футболида мавжуд тизимга альтернативлар, ўйин ҳақиқатан ҳам глобал бўлиши ва ҳар бир ҳудуд, ҳар бир истеъдодга имконият бериш»ни муҳокама қилди.

ТАГ таркибига Роберто Карлос, Дидье Дрогба, Жон Терри, Юрий Жоркаэфф, Марко Матерацси, Петер Шмейхель, Давид Трезеге, Юрген Клинсманн, Хавьер Маскерано, Лотар Matteус, Майкл Оуэн, Яя Туре, Марко ван Бастен, Хавьер Занетти ва бошқа афсоналар киради.

Фото: Getty Images

Ушбу ғояни ФИФАнинг учдан икки қисми қўллаб-қувватлади

Жаҳон Чемпионатлари орасидаги вақтни қисқартириш муҳокамаси ФИФАнинг 71-конгрессида тақдим этилди. Ислоҳот ғоясини Саудия Арабистони футбол федерацияси (САФФ) президенти Ёсир ал-Мисеҳал эълон қилди.

Саудиялик президентнинг сўзларига кўра, «футболнинг келажаги ҳал қилувчи паллада» ва ФИФА «ҳозирги 4 йиллик цикл рақобатни ривожлантириш нуқтаи назаридан ҳам, тижорат томонидан ҳам футболни бошқаришнинг оптимал асоси бўлиб қоладими?», деган саволга жавоб бериши керак.

САФФ ўзининг баёнотидан сўнг ФИФА конгресси аъзоларига мундиални ҳар икки йилда бир марта ўтказиш таъсирини ўрганиш учун тадқиқот ўтказишни таклиф этди. Саудия Арабистони ғоясини 211 футбол федерациясидан 166 таси қўллаб-қувватлади — кўриб чиқилиши учун эса яна 95 та овоз талаб қилинарди. 21 та ассоциация эса овоз беришдан бош тортди.

Йиғилиш давомида Ал-Мисеҳални биринчилардан бўлиб Марокаш футбол федерацияси президенти Фузи Лекжаа қўллаб-қувватлади. Африка футболи Конфедерациялари номидан қатнашган Лекжаанинг фикрига кўра, ислоҳот «ривожланишдан ортда қолган» ҳудудларни ҳам ўсишига имкон беради.

Равшан Эрматов

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳам яқинда ФИФА томонидан илгари сурилаётган Жаҳон чемпионатларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш бўйича таклифини қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

ФИФА таклиф қилаётган 2 йиллик циклнинг ютуғи шундаки, футболчилар ва футболга алоқадор барча мутахассисларнинг мундиал орзуси амалга ошиш имконияти янада ортади. Қолаверса, агар қитъа чемпионатлари ҳам шу тизимга ўтса, биз ҳар йили терма жамоалар миқёсида катта финал турнирлари гувоҳига айланишимиз мумкин.

ФИФАнинг футболни ривожлантириш бўлими раҳбари Арсен Венгернинг бу борадаги таклифи билан танишар эканмиз, яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратиш зарур. Саралаш баҳсларининг оптималлаштирилиши. Яъни, мавсумда икки бор терма жамоалар саралаш баҳслари учун йиғилади ва йўлланмалар учун ўйинлар ўтказади. Бошқа пайт ўйинчилар клублар ихтиёрида бўлади ва узоқ сафарлардан кейинги толиқиш муаммосига камроқ дуч келади.

Равшан Эрматов, ЎФА биринчи вице-президенти

Пеп Гвардиола, «Манчестер Сити» бош мураббийи

Фото: Getty Images

«Манчестер Сити» бош мураббийи Хосеп Гвардиола ҳам Арсен Венгернинг ушбу таклифини ёқлаб чиқди:

«Янги ғоялар муҳокамага қўйилса, ҳар доим хурсанд бўламан. Ғояларни тўсмаслик керак.

Клуб ва лигалар ўз позициясини, ФИФА ўзиникини, УЕФА ҳам ўз позициясини ҳимоя қиляпти. Шунинг учун дунё футболи борасидаги ғоя абсурдга айланмоқда, ҳамма ўзи ҳақида ўйлаяпти. Жаҳон Чемпионати — ажойиб мусобақа. Мухлислар севиб томоша қиладиган муҳим турнир. Уни ҳар икки йилда бир марта томоша қилиш, албатта яхши бўларди.

Мен Арсен Венгерни тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Арсен Конфедерациялар Кубоги ёки янги ташкил этилган бирорта мусобақани эмас, энг юқори даражадаги турнир ислоҳотини таклиф қиляпти. Нафақат АПЛ, балки бутун дунё футболида қойилмақом натижаларга эришган мутахассис бу ғояни илгари сураётганидан хурсандман».

Кўплаб лигалар бунга қарши, УЕФА бойкот билан таҳдид қилмоқчи

ФИФА Жаҳон Чемпионатининг ҳозирги формати ўзгариши мумкинлиги ҳақида берган эълонидан сўнг, дарҳол УЕФА ва Халқаро енгил атлетика федерациялари ассоциацияси ва бир қанча футбол лигалари танқидига учради.

Европа мухлислар ассоциацияси (Фоотбалл Суппортерс Europe) Венгернинг ислоҳотига қарши хат билан чиқди.

«Биз ФИФА ва уни қўллаб-қувватлаётган футбол ассоциацияларини Жаҳон Чемпионатини икки йилда бир марта ўтказиш таклифидан воз кечишга ва футбол келажагига таъсир кўрсатадиган қарор қабул қилишда мухлисларнинг овозини инобатга олишга чақирамиз».

Мухлисларнинг хатига жавобан УЕФА президенти Александр Чеферин ҳам уларни қўллаб-қувватлаб чиқди ва ФИФАнинг ушбу ҳаракатини «лига ва конфедерациялар розилигисиз қилинган PR-компания» деб атади, бир ҳафтадан сўнг эса агар ФИФАнинг бу қарори кучга кирса Европа терма жамоалари бойкот қилиши мумкинлиги билан огоҳлантирди.

Фото: УЕФА

Чеферинни дунё лигалари форумида (WЛФ) ва Европа профессионал футбол лигаси ассоциациясида (EPFL) қўллаб-қувватлашди.

WЛФ ФИФАнинг ушбу ғоясига қўшилмади ва «ФИФА ўзининг қисқа муддатли қизиқишлари сабаб ҳеч нарсани ўзгартира олмаслигини» айтиб ўтди. EPFL аъзолари ҳам шу позицияда қолди.

Ла Лига президенти Хавьер Тебас ўз Twitter’ида Венгернинг интервьюси чиққан газетани суратини жойлаб, французнинг таклифини «ақлсизлик», деб атади.

Хавьер Тебас, Ла Лига президенти

Фото: Getty Images

Улар миллий лигалар ва УЕФА мусобақаларини чўктиришда давом этиш учун ҳар нарса ўйлаб топмоқда. Бири Суперлига, бошқаси эса мундиални ҳар икки йилда бир марта ўтказиш таклифи билан чиқмоқда. Ақлсизлик.

Хавьер Тебас, Ла Лига президенти

«Манчестер Сити» директори Ферран Сориано ҳам шунга ўхшаш фикр айтди ва тиғиз тақвим сабаб мундиални ҳар икки йилда бир марта ўтказиб бўлмаслигини таъкидлади. А Серия бош директори Луижи де-Сиерво эса ФИФАнинг ғоясини «Европа лигалари яхлитлигига ҳужум» деб атади.

«Бу таклиф футболчиларга маош тўлайдиган клублар, миллий лигалар, мухлисларга зарар етказган ҳолда ФИФАнинг тижорий муваффақиятига хизмат қилади», — деди де-Сиерво.

Франция терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Раймон Доменек бу ғояни аҳмоқлик деб атади ва ФИФАнинг «футбол ҳамма учун» шиорига зид эканини айтиб ўтди.

«Бу ғояда ҳеч қандай маъно йўқ. Футболни ўлдирадиган аҳмоқона ғоя. Жаноб Венгер бўш ғояни тақдим қилмоқда. Ҳозирги футболчилар учун бу шунчаки даҳшатли қадам. Октябрь ва март ойида клублар футболида танаффус қилиш керакми? ФИФА футбол ҳамма учун деганди, кўринишидан, футбол элита қатлам учун. Терма жамоага чақириладиган футболчиларда дам олиш куни бўлмайди. Бу сиёсий хато. Ҳар доимгидек қарорни ФИФА қабул қилади».

Венгернинг таклифига «Реал» футболчиси ва Уэльс терма жамоаси сардори Гарет Бэйл ҳам қарши чиқди.

«Мен Жаҳон Чемпионатининг анъанавий ҳар тўрт йилда ўтказилишини яхши кўраман. Олимпия ўйинларини ҳам. Тез-тез бўлиб ўтмайдиган нарсалар аҳамиятини йўқотмайди», — дейди уэлслик футболчи.

Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) нейтрал позицияда турибди. ХОҚ раҳбари Томас Бах ФИФА ва УЕФАнинг дебатига аралашмаслигини айтиб ўтди.