Фарғона шаҳрида бўлиб ўтган тунги рейд давомида ЙПХ инспекторининг тўхташ ишорасига амал қилмай, ҳаракатланишни давом эттирган Lacetti автомобилини 14 ёшли ўсмир бошқаргани аниқланди, деб хабар беради ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати.
Маълум қилинишича, Фарғона шаҳрида бўлиб ўтган тунги рейд давомида Lacetti русумли автомобиль ҳайдовчисига ЙПХ ходими томонидан тўхташ ишораси берилганда у тўхтамасдан, қарама-қарши йўналишга чиқиб ҳаракатда давом этган. Кўрилган чоралар натижасида ҳайдовчи тўхтатилган.
Текширув давомида автомобиль бошқарувида 2007 йилда туғилган, вояга етмаган бола бўлганлиги аниқланган. Ҳолат бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, автомобиль вақтинча сақлаш учун жарима майдонига қўйилган.
«Барча ота-оналардан вояга етмаган, ҳайдовчилик гувоҳномасини олмаган фарзандларига автомобиль бошқаришга рухсат бермасликларини сўраймиз», — дейилади хабарда.
Аввалроқ Сурхондарёда ЙПХ ходимининг талабига бўйсунмай, қарама-қарши йўналишда ҳаракатланган Damas’ни 9-синф ўқувчиси бошқаргани аниқланганди.
Изоҳ (0)