Хитой ҳукумати вояга етмаганларнинг онлайн видеоўйинларга сарфлайдиган вақтини чеклаб қўйди. Тегишли пресс-релиз ХХР Матбуот ва нашрлар бош бошқармаси томонидан эълон қилинган.
Энди Хитойда 18 ёшдан кичикларга фақат жума, шанба, якшанба ва байрам кунларида фақат бир соат видеоўйин ўйнашга рухсат берилади. Шу билан бирга, улар ўйинларни қатъий жадвал бўйича — маҳаллий вақт билан соат 20:00 дан 21:00 гача ўйнаши мумкин бўлади. Қолган вақтларда онлайн платформаларга болаларга хизмат кўрсатиш тақиқланди.
Фойдаланувчиларнинг ёшини текшириш учун ўйинларда рўйхатдан ўтишда, уларнинг ҳақиқий исми ва телефон рақамларини кўрсатиш талаб қилинади. Шу пайтгача ўсмирларга иш кунларида кунига бир ярим соат, дам олиш кунларида эса уч соат видеоўйин ўйнашга рухсат берилаётган эди.
Хитой ҳукуматининг фикрича, болалар видеоўйинларга қарам бўлиб қолмоқда, шунинг учун сўнгги бир неча йил мобайнида ўйинлардан фойдаланиш шартлари мунтазам равишда кучайтирилган.
Август ойининг бошларида, ҳукумат матбуоти ўйинларни «руҳий афюн» деб атаганидан сўнг, мамлакатнинг энг йирик видеоўйинлар нашриёти Tencent ўз ихтиёри билан болаларнинг ўйин сотиб олишини тақиқлади.
Хитой ҳукумати 2019 йилда вояга етмаганларнинг онлайн ўйин ўйнаш вақтига чекловлар қўйган. Ҳукумат ўсмирлар ўртасида қиморбозлик тарқалишининг олдини олишга ва ўйинларнинг мактаб ўқувчилари таълимига салбий таъсирини чеклашга интилиб келади. Ўшанда болалар ва ўсмирларга соат 22:00 дан 08:00 гача ўйин ўйнаш тақиқланганди. Бундан ташқари, иш кунларида (жума кунидан ташқари) вояга етмаганларга кунига 90 дақиқадан кўп бўлмаган вақт ўйин ўйнашга рухсат берилган.
Изоҳ (0)