Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ижтимоий тармоқларда Наманган вилоятида тамаки сабаб автомобиль газ баллони портлаши оқибатида хонадонда ёнғин келиб чиққани айтилган хабар юзасидан маълумот берди.
27 август куни ижтимоий тармоқларда «Наманган вилояти Учқўрғон туманида сигарет сабаб машина газ баллони портлаб, уйда катта ёнғин бўлмоқда» сарлавҳаси остида маълумотлар тарқалди. Маълум қилинишича, ушбу ҳодиса 17 август куни соат 19:08 да Учқўрғон тумани «Қумтўғон» МФЙ Янгиобод-18 кўчасида жойлашган уйларнинг бирида содир бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан вилоят ФВБнинг 2 та ёнғин ўчириш экипажи соат 19:14 да воқеа жойига етиб борган. Ёнғин соат 19:17 да ўраб олиниб, соат 19:38 да тўлиқ бартараф этилган.
Ёнғин натижасида хонадон шифт ва том қисмининг 65 метр квадрат майдони ва уй-рўзғор буюмлари, дарвозахонада турган Lada Largus русумли автомашинаси ҳамда қўшни хонадон том қисмининг 15 метр квадрат майдони ёниб зарарланган.
Ёнғин оқибатида уй эгаси куйиш тан жароҳати олган. Қутқарувчиларнинг тезкор ҳаракатлари натижасида хонадоннинг 500 метр квадрат майдони ёнғиндан сақлаб қолинган.
Ҳозирда ёнғин сабаби ва зарар миқдори аниқланмоқда. Шунингдек, ҳодиса юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб бориляпти.
Аввалроқ Самарқанддаги уйда ёнғин юз бериб, унга қўшни уйга ҳам зарар етказгани, Жиззахдаги уй оғилхонасида ёнғин чиқиб, 300 дона прессланган сомон ёниб кетгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)