«Сунъий интеллект технологияларини қўллаш бўйича махсус режимни жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди, деб хабар беради ЎзА.
Қарорга кўра, экспериментал инновацион тадқиқотлар доирасида сунъий интеллект технологияларини қўллаш бўйича махсус режим жорий қилинади.
Махсус режим дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркининг (IТ-парк) алоҳида бўғини бўлиб, унинг иштирокчилари IТ-парк резидентлари ҳисобланади ва улар ўз фаолиятини экстерриториаллик принципи асосида амалга оширади.
Ҳужжатга биноан, махсус режим талабгорлари учун тажриба-синов лойиҳалари доирасида фаолиятга рухсат этиш хусусиятига эга тегишли ҳужжатларни тезлаштирилган ва соддалаштирилган ҳолда олиш тизими жорий қилинади. Бунда:
- Аризалар 5 иш куни ичида тезлаштирилган тартибда кўриб чиқилади.
- Рухсат этиш хусусиятига эга тегишли ҳужжатларни олиш учун талаб этиладиган ҳужжатлар рўйхати ваколатли давлат органи томонидан қисқартирилади.
- Тегишли ҳужжатларни олиш учун белгиланган тўлов миқдорлари 2 бараварга камайтирилади.
- Ваколатли давлат органи тегишли фаолиятни амалга оширишнинг камайтирилган талаблари ва шартларини белгилайди.
Ўз ходимлари малакасини ошириш ва қайта тайёрлашга кетган харажатлари тегишли тартибда давлат томонидан компенсация қилинади. Махсус режим фаолиятининг муддати 5 йилни ташкил этади. Тажриба-синов лойиҳалари 1 йилдан кўп бўлмаган муддатда амалга оширилади.
Белгиланишича, махсус режим иштирокчилари лойиҳалар тажриба-синовдан муваффақиятли ўтказилгандан сўнг уларни тўлиқ амалиётга жорий қилишга рухсат олиши мумкин. Шунингдек, маҳсулотни реализация қилишда ва хизматларни кўрсатишда буюртмачиларни тажриба-синовдан ўтказилаётгани тўғрисида огоҳлантиради ва уларнинг тегишли рўйхатини юритади. Шу билан бирга, иштирокчилар тезлаштирилган ва соддалаштирилган тартибда олинган рухсат этиш хусусиятига эга тегишли ҳужжатларда белгилаб берилган талаблар ва мажбуриятларга тўлиқ риоя қилиши шарт.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг февралида Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда сунъий интеллектни жорий этишни жадаллаштиришга оид ҳужжатни имзолаган эди.
Изоҳ (0)