Афғонистоннинг бошқа шаҳарларини шиддат билан босиб олиб, «Толибон» ҳаракати кучлари 2021 йил 15 августида пойтахт Кобулга етиб келди ва кўп ўтмай шаҳардаги давлат муассасаларига ўз байроғини ўрната бошлади. АҚШ ҳарбий кўмагисиз қолган ҳукумат кучлари «Толибон» жангариларига деярли ҳеч қандай қаршилик кўрсатмади. Кобул аэропортида тартибсизликлар бошланди: шаҳар аҳолиси саросима ичида мамлакатни тарк этишга уриниб, минглаб одамлар учиб кетаётган самолётларга осила бошлади, уларга ҳам «Толибон» аъзолари, ҳам Америка ҳарбийлари қаршилик кўрсатди. Афғонистоннинг бошқа мамлакатлар билан қуруқликдаги чегаралари яқинида ҳам қочқинлар тўпланмоқда. Шаҳарда қурбонлар ҳам бўлди: аэропортдаги ур-йиқит, журналистлар ва жамоат арбобларининг уйларидаги тинтувлар, норозилик намойишларининг ўққа тутилиши оқибатсиз бўлмади. Айни вақтда ҳаракат вакиллари кўплаб интервьюларида ишонтиришича, улар ҳеч ҳам Афғонистонда 1996 йилда ҳокимиятни эгаллаб олиб, беш йил ҳеч ким тан олмаган қатъий диний диктатурани қурган ва роппа-роса 20 йил аввал АҚШ ва иттифоқдошларининг ҳарбий кучлари томонидан қувиб чиқарилган одамлар эмас. Meduza «Толибон» назорати остидаги Афғонистонда ўтган бир ҳафтани суратлар орқали кўрсатиб берди.

Кобулнинг Вазир Акбархон туманида «Толибон» патрули. 2021 йил 18 август

Фото: AP Photo

Кобул аэропортига кираверишда тўпланган оломон, у орқали минглаб одамлар иложи борича тезроқ мамлакатни тарк этишга умид қилмоқда. Аэропорт яқинидаги тиқилинчда аллақачон 12 киши ҳалок бўлган. 2021 йил 20 август

Фото: AFP

Аёллар болалари билан бирга Кобул аэропортига кириб олишга уринмоқда. 2021 йил 16 август

Фото: Reuters

Кўнгилли ва ярадор Кобул аэропортида. Ҳокимият «Толибон» томонидан эгаллаб олингач, минглаб одамлар мамлакатни тарк этишга уриниб, парвоз майдонини қуршаб олган. 2021 йил 16 август

Фото: AFP

Америкалик денгиз пиёда аскари қўлида чақалоқ билан. Баъзи афғонлар аэропортга кириб, Кобулдан учиб кетишдан умидини узиб, ҳеч бўлмаганда фарзандлари «Толибон» ҳукмронлиги остидаги Афғонистонни тарк этишига умид қилиб, уларни тўсиқлар орқали узатмоқда. 2021 йил 20 август

Фото: Reuters

Мамлакатни тарк этиш истагидаги афғонлардан тушган аризалар Буюк Британия ва Канаданинг Кобулдаги элчихоналари ёнидаги «Хамви» ҳарбий йўлтанламасида. 2021 йил 19 август

Фото: AFP

Кобул аэропортидан ҳарбий самолётларда эвакуация. 2021 йил 20 август

Фото: Reuters

АҚШ ҳарбий ҳаво кучларига тегишли C-17 Globemaster III ҳарбий транспорт самолётида Кобул аэропортидан 640 га яқин афғонистонлик эвакуация қилинди. Defence One маълумотларига кўра, дастлаб шунча одамни бортга олиб чиқиш режалаштирилмаган эди, бироқ афғон гуруҳлари учиш майдонига бостириб кириб, самолётга ўзлари чиқиб олган. Шундан сўнг экипаж уларни куч билан тушириб юбормасликка, аксинча бортдаги ҳаммани олиб учишга қарор қилган. 2021 йил 19 август

Фото: U.S. Аir

«Толибон» патрулининг ўт очишлар, қамчилар ва калтаклар ёрдамида аэропорт яқинидаги оломонни тарқатиб юборишга униши оқибатида яраланган аёлга ўткинчилар ёрдамлашмоқда. Камида олти киши жабрланган. 2021 йил 17 август

Фото: Getty Images

«Толибон» патрули Қандаҳор кўчаларида. Шаҳар 12 августдан буён уларнинг ҳукмронлиги остида. 2021 йил 19 август

Фото: EPA

Кобулда реклама плакатларидаги юзлари бўяб ташланган аёллар суратлари. 2021 йил 20 август

Фото: Anadolu Agency

Афғонистон шаҳарларида мустақиллик куни кўчаларга намойишчилар Афғонистон Ислом республикаси байроқлари билан чиқди. Кўплаб намойишларга аёллар етакчилик қилди. Бир қатор ҳолларда «Толибон» ушбу акцияларни ўқотар қурол қўллаб шафқатсизларча тарқатиб юборди, қурбонлар бўлди. 2021 йил 19 август

Фото: Reuters

19 август — Афғонистон мустақиллиги кунида қатор шаҳарларда норозилик акциялари бўлиб ўтди. Намойишчилар Афғонистон Ислом республикаси байроғини ҳилпиратди. «Толибон» патруллари бу акцияларни тарқатиб юборди, баъзи жойларда қурбонлар ҳам бўлди. Жалолободда «Толибон» намойишчиларни ўққа тутди, оқибатда камида икки киши ҳалок бўлиб яна камида ўн киши яраланди. Кобул, 2021 йил 19 август

Фото: Vida Press

«Толибон»га иттифоқдош «Ҳаққоний гуруҳи» ташкилотининг ҳозирги етакчиси Халил ал-Раҳмон Ҳаққонийнинг кортежи. Унинг боши учун АҚШ 5 миллион доллар мукофот белгилаган. Ҳозир у Кобул бўйлаб бемалол ҳаракатланиб юрибди, 20 август куни эса у шаҳар масжидидаги жума намозидан чиқаётганини кўришган.

Фото: Getty Images

Панжшер вилоятида «Толибон»га қарши мухолифат жангчилари. Афғонистон шимоли-шарқидаги Панжшер тоғли водийси «Толибон»га қаршилик кучлари етакчилари — афғонистонлик машҳур дала қўмондони Аҳмад Масъудшоҳнинг ўғли Аҳмад Масъуд ва мамлакат собиқ вице-президенти Амрулла Солиҳ учун бошпанага айланди. Уларга афғон армиясининг «Толибон»га таслим бўлмаган отрядлари келиб қўшилмоқда. Ҳозирча тасдиқланмаган хабарларга кўра, маҳаллий аҳолининг кўмаги билан қаршилик отрядлари «Толибон»дан водийнинг бир қанча туманларини олиб қўйишга муваффақ бўлган. Аммо улар ўзларидан кўп марта кучлироқ бўлган рақибга қачонгача қаршилик кўрсата олиши ҳозирча аниқ эмас. 2021 йил 19 август

Фото: AFP

Эроннинг Қизил ярим ой ташкилоти ходимлари томонидан олинган сурат: афғон-эрон чегарасидан ўтишга уринаётган қочқинлар. Минглаб одамлар «Толибон»дан қочиб, Афғонистонни тарк этишга ҳаракат қилмоқда. Кўпчилик ағдариб ташланган ҳукуматга ва халқаро коалиция кучларига, шу жумладан, АҚШга ишлаган ва энди «Толибон» қасос олишидан хавфсирамоқда. Аммо ҳамма давлатлар ҳам — на Афғонистонга чегарадош мамлакатлар ва на Ғарб давлатлари — барча қочқинларни қабул қилишга тайёр эмас. Австралия афғонларни қабул қилишдан умуман бош тортди, фақат АҚШнинг илтимоси билан Шимолий Македония, Албания ва Косово бир неча юз нафар қочқинни зудлик билан қабул қилишга рози бўлди, холос. Буюк Британия ҳукумати Британия ҳарбийларига ва Афғонистондаги бошқа ташкилотларга ёрдам берганлардан иборат бўлган 20 минг кишини кўчириб ўтказиш дастури ҳақида эълон қилди, аммо бу жараён беш йил вақт олади. Эрон, Систан ва Белужистон вилояти. 2021 йил 19 август

Фото: AFP

Эронлик ҳарбий эрон-афғон чегарасида тўсиқ орқали афғонистонлик қочқинларга шарбат узатмоқда. 2021 йил 19 август

Фото: AFP

Аммо ҳамма ҳам Афғонистондан қочиб кетаётгани йўқ — мамлакатга қайтиб киришга уринаётганлар ҳам бор. «Толибон» август бошидаёқ мамлакат жануби-шарқий қисмидаги чегара постини эгаллаб олганидан кейин Покистон ҳукумати Афғонистон фуқаролари учун визасиз режимни бекор қилди. Ушбу қарорга норозилик белгиси сифатида «Толибон» чегара постини ёпиб қўйди ва покистонликлардан Афғонистон фуқаролигига эга бўлганлар ёки Покистоннинг қочқин карточкаси бўлганларни қўйиб юборишни талаб қилди. 2021 йил 19 август

Фото: Reuters

«Толибон»нинг қуролланган жангчилари Кобул масжидида пойтахт эгаллаб олинганидан кейинги биринчи жума намозида. 2021 йил 20 август

Фото: AFP

«Толибон» жангчилари Кобулдаги жума намозида. 2021 йил 20 август

Фото: Getty Images

«Толибон» патрули Кобул кўчаларида. 2021 йил 19 август

Фото: AP Photo