АҚШ ҳукумати Кобулдаги элчихонасини ҳимоя қилиш учун Афғонистонга қўшимча кучлар юбормоқда. Бу ҳақда Пентагон матбуот котиби Жон Кирби 12 август куни бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Афғонистондаги Америка элчихонаси ходимларини эвакуация қилиш доирасида АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин ушбу жараённинг «хавфсиз кечишини таъминлаш учун вақтинчалик қўшимча кучлар юборишни» буюрган. Бунинг учун яқин 48 соат ичида Афғонистонга учта батальон — 3 мингга яқин ҳарбий хизматчи юборилади.
Кирбининг таъкидлашича, Афғонистонга АҚШнинг қўшимча кучларини жойлаштириш вақтинчалик бўлади.
АҚШ ортидан Канада ҳам Кобулга махсус кучлар бўлинмасини юбормоқда. Улар Канада элчихонаси ходимларини эвакуация қилиш жараёнида ва бу жараён тугагунча хавфсизликни таъминлаши керак. Канада қанча ҳарбий юбораётганига аниқлик киритилмаган.
Шунингдек, Буюк Британия худди шу мақсадда Афғонистонга 600 га яқин қўшин жойлаштиради. Яқин кунларда британиялик аскарлар Афғонистонга келиб, ҳимоя ва зарур моддий-техник ёрдам кўрсатади. Британия қўшинлари, шунингдек, Буюк Британия армияси билан ишлаган ва энди «Толибон» таҳдидига дуч келаётган афғон таржимонларини бошқа жойга кўчириш дастурини тезлаштиришга ёрдам беради.
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ва мудофаа вазири Ллойд Остин Афғонистон президенти Ашраф Ғани билан телефон орқали мулоқот қилиб, АҚШ «Толибон» ҳужумлари шароитида Афғонистон хавфсизлиги ва барқарорлигига сармоя киритишда давом этишига ваъда берди.
Шунингдек, АҚШ расмийлари Ғанига «хавфсизлик ҳолати ўзгаргани сабабли АҚШ Кобулдаги фуқаролик иштирокини қисқартираётгани»ни маълум қилган. Томонлар Афғонистондаги хавфсизлик ҳолати, «зўравонликни чеклаш чоралари ва амалга оширилаётган дипломатик ҳаракатлар» ҳақида фикр алмашди.
Блинкеннинг таъкидлашича, АҚШ зиддиятни сиёсий йўл билан ҳал қилишни қўллаб -қувватлашга содиқ қолади. Европа Иттифоқи дипломатиясининг раҳбари Жозеп Боррель ҳам Афғонистондаги қарама-қарши томонларни зиддиятни сиёсий йўл билан ҳал қилишга чақирганди.
Аммо Покистон бош вазири Имрон Хоннинг сўзларига кўра, ҳозир Афғонистондаги зиддиятни сиёсий йўл билан ҳал қилиш ниҳоятда қийин. Чунки «Толибон» етакчилари Ғани президентлик лавозимидан кетсагина, улар Афғонистон ҳукумати билан музокара олиб боришини айтган.
Изоҳ (0)