23 ёшли Злата Ғафурова — пойтахт тез тиббий ёрдами фельдшери кун давомида қандай машмашаларга дуч келмайди дейсиз! У ҳозир коронавирусга қарши жангнинг олдинги сафида, касалланганларни қутқармоқда. Унинг жамоаси кунига 20—30 чақирувга хизмат кўрсатади. Тиббиёт муассасалари беморлар билан тўла, лекин у касалхонага ётқизилиши зарур ҳар бир беморга жой топишда жонбозлик кўрсатмоқда. Ижтимоий тармоқларда у ҳақида ёзиб, миннатдорлик билдиришади, уни «олтин юракли шифокор қиз» деб таърифлашади.
Пандемия авж нуқтасига етганда тез тиббий ёрдам хизматида ишлаш ва 3–4 соат кечикканинг учун ҳақорат қилаётганларга холис муносабатда бўлиш қандай ҳисларни уйғотади? Тез тиббий ёрдам ходимлари асабни еб битирувчи шундай шароитда олға силжишга қаердан куч топади? Нега улар бор-йўғи 2 миллион сўм маош тўланадиган бу ишни ташлаб кетмайди? «Podrobno.uz» шу каби саволларга жавоб топиш мақсадида Злата билан суҳбатлашди.
Тез тиббий ёрдам хизмати ходимлари — ким ўзи улар?
«Бу иш адреналинга муҳтож экстремалларга хос деб ўйлайман. Бизда адреналин кўп, ҳар сафар кимнингдир ҳаётини сақлаб қолганингда, у сени жўштириб юборади. Укол қилганингдан кейин бемор соғаяётганини кўрганингда, унинг ёнида ўтириб тинчлантирганингда ва руҳан далда берганингда нега шу юмуш билан шуғулланаётганингни тушунасан», — дейди қиз.Златанинг айтишича, тез тиббий ёрдамда ишлаш — бу сермашаққат ва қадрсиз меҳнат. Аммо сени чақираётганларга ёрдам бераётганинг, уларга фойданг тегаётганини ҳис этиш жамики дилхираликларни енгишга куч беради. Кўнгилсизликлар эса бениҳоя кўп.
Тез тиббий ёрдам хизмати ходимларини калтаклашади (бу ҳақда ОАВ неча бор ёзди), таҳдид қилишади, ҳақоратлашади. Бир гал Златани тиғ (писка, «лезвия») тутган йигит қувганда аранг қутилиб қолган, бошқа сафар эса бир хонадонга икки соат қамаб қўйишган. Тез тиббий ёрдам ишчиларининг деярли бари шунга ўхшаш воқеаларга дуч келади.
«Ҳар иккинчи мурожаатда — ҳурматсизлик. Ҳолдан тойиб, беморни кўргани келасан, у эса сенга: ‘Энди уйғондингми?’, — дейди. Гуруҳ бу беморни кўриш учун бешинчи қаватга чиқиб боргани бировнинг парвойига ҳам келмайди. Эшикни узоқ вақт очишмайди, сенсираб гапиришади, стул сўрасанг, юзингга бақрайиб: ‘Стулни нима қиласан? Касал каравотда ётибди, ерга ўтир, дейишади’, — дея кундалик юмушидан сўз очади у.Злата тез тиббий ёрдамда бир ставка фельдшерлик иши учун 2 миллион сўм маош олади. Бундан ташқари, ҳар бир чақирув учун энг кам иш ҳақининг 6 фоизи миқдорида устамаси ҳам бор.
«Пандемиягача 1,5 миллион олардик. Ўтган йили миллиардер Алишер Усмонов номидан хайрия сифатида 4 миллиондан ёрдам пули ажратилди. Ҳозир бундай мукофот пуллари йўқ. Ваъда беришган, лекин ҳозирча жимжитлик», — дейди қиз.
Кўп беморлар тез тиббий ёрдам хизмати ходимлари 25 миллион сўмдан маош оляпти, деб ўйлайди. Шифокорларга нисбатан «қорни тўйиб, босар-тусарини билмай қолган булар» қабилидаги гаплар билан орсизларча муносабатда бўлиш ҳам шундан. Врачлар қутуриб кетаётгани ҳақида Златанинг юзига бир неча марта қичқириб айтишган.
«Тез ёрдамда ишлаш тушлик ва кечки овқатни вақтида ейишдан воз кечиш дегани. Албатта, тушлик ва кечки овқат бўлади, фақат уни бўш вақтга қараб режалаштирамиз. Кўпинча машинада ул-бул, масалан, хот-дог билан номига тамадди қиламиз-қўямиз. Тушлик одатда кечки соат бешларга, кечки овқат эса оддий одам нонушта қилиши керак бўлган вақтга тўғри келади», — дейди Злата.
У яна шундай қўшимча қилади: «Биз яхши маънодаги телбалармиз, шу сабабли ҳали ҳам шу ердамиз!».
Ҳаммасига улгургимиз келади
Тез тиббий ёрдамнинг бир жамоасига кунига ўртача 20—30 чақирув тушади. Бир беморни кўришга 40 дақиқа ажратилади, касалхонага олиб бориш билан ҳисобласак — 50 дақиқа. Шу вақт ичида касалнинг ёнига етиб бориш, ёрдам кўрсатиш, натижасини кутиш ва навбатдаги чақирувга жавоб бериш керак. Бу нормал, сокин ҳаётдаги одатий иш тарзи. Аммо пандемия ҳаммасини ўзгартириб юборди.«Биз доим кечикамиз. Кечикишларимиз бир соатдан тўрт соатгача чўзилган. Авваллари 10—15 дақиқада етиб борганимиз ва бу ҳол беморларнинг норозилигига сабаб бўлган бўлса, энди уч соатга кечикиб, уларни ҳайрон қолдиряпмиз. Беморни Зангиотадаги касалхонага олиб бориш кераклигини ҳам хомчўтласак, унда анча кўп вақтимиз кетади. Баъзан икки соат ҳам камлик қилади ҳатто», — дейди Злата.
Тез ёрдам машинасидагилар гоҳида тўхтаб, сув ҳам сотиб ололмайди. Олган тақдирда ҳам, ичиш муаммо – кутилмаганда ҳожатхонага боргинг келади, ҳожатхона эса йўқ. Кеч қолишмасин, деб уларга ортга – подстанцияга қайтишга ҳам рухсат берилмайди.
«Зиммамиздаги юк ҳаддан ташқари оғирлашиб кетди. Лекин ҳаммасидан ҳам аламлиси, одамлар доим бизга ташланади, бемор коронавирусга чалингани ва яна кимгадир юқтиргани учун ўзини айбдор санамайди. Тўйга боргани, бозорда доим ниқобсиз юргани ва бошқа айблари кейин юзага чиқади», — дея афсусланади Злата.Ҳозир Тошкентда беморни шифохонага дарҳол ётқизишнинг деярли имкони йўқ. Шифохонада етарли жой бўлмайди, ё маълум бир тиббий муассаса учун бемор аҳволи етарлича оғир эмас, ёки ҳаддан ташқари оғирлик қилади ва уни бошқа ихтисослаштирилган муассасага олиб боришга тўғри келади. Тез ёрдам машиналари икки, ҳатто, учта шифохонага кириб ўтиши мумкин ва бу оворагарчилик ҳам вақтни олади. Шундай қилиб, кимдир уйида нажоткорларини кутаётган маҳал улар беморни шифокор назоратига топшириш учун бутун пойтахтни кезиб юрган бўлади.
«Талашиб-тортишаман, талаб қиламан, баъзан касалхоналарни бизни шунчаки қайтариб юборади. Бўш келмайман, улардан жой топишни сўрайман ва охир-оқибат битта бўлса ҳам жой топилади. Шу зайл беморни касалхонага ётқизамиз», — дейди у.
Тез ёрдам чақирган ҳар бир киши учун тегишли қоғозни тўлдириш керак. Бу мажбуриятдан уларни ҳеч ким қутқармайди ва қоғозбозлик ўзи шундоқ ҳам тиғиз бўлган вақтни баттар тиғизлаштиради.
40 даража иссиқда ҳимоя кийими
Шифокорларнинг ҳимоя кийимида ҳаракатланиши қанчалик мушкуллиги ҳақида камдан-кам ўйлаймиз. Ахир, 40 даража жазирамада скафандрда юришнинг ўзи бўладими!«Тасаввур қилинг, сиз шундай иссиқда кўчада футболка ва калта шимда кетяпсиз, қизиб кетдингиз, юзингиз ва белингиз терлаяпти. Энди шим ва кўйлакдан иборат тиббий форма ва унинг устидан на ҳаво, на намлик ўтказадиган ҳимоя кийимини тасаввур қилинг. Камига капюшони ҳам бор. Устига-устак, яна икки қават ниқоб ва кўзойнак, оёқда этик ё бахила. Бундай кийим нафасни сиқади, қаттиқ чанқатади, лекин сув ичиш мумкин эмас», — дейди суҳбатдош.
Нега бу қадар бераҳмсиз, одамлар?
Беморлар охирги пайтда ваҳшийлашиб кетяпти, ғазабини яширмайди, врачларга: «Бу сенинг бурчинг!», — дея ўшқиради.Тез ёрдам машиналари, одатда, жуда кечиккани учун уларга эшикни очмаслик ҳоллари ҳам учраб туради. Одамлар шифохонага ўзи бора бошлади. Шифокорлар ҳам олдиндан қўнғироқ қилиб, уларни кутишаётгани ё йўқлигини аниқлаб оладиган бўлди. Яна таъна-дашномлар ёғилади, аммо вазиятга мослашиш ва бемор кўнглини топишни ким ҳам уларчалик уддалай оларди? Баъзида алам, очлик ва ташналик туфайли томоққа тахир тупук қадалади. Аммо ўйланиб ўтиришга вақт йўқ — жамоа аллақачон навбатдаги чақирув томон йўлга тушган бўлади.
«Беморларнинг аҳволи оғирлашди — ҳиссий жиҳатдан эмас, балки касалликнинг қандай ўтиши тарафдан. Касалликнинг ўзи оғир ўтади, борган сари мураккаблашиб бормоқда. Кўпинча кислород етишмаслиги оқибатида зудлик билан касалхонага ётқизиб, махсус аппаратга улашга тўғри келади», — дейди Злата.
Унинг айтишича, ўтган йили вазият бошқача эди. Агар 2020 йили 30 яшар, мутлақо соғлом, жисмоний ҳолати яхши, қандайдир сурункали касалликларга чалинмаган йигит коронавирусни шамоллашдай ўтказган бўлса, ҳозир унда нафас сиқиши кузатиляпти.
У «Одамлар ковиддан қўрқадими?» деган саволга шундай жавоб беради:
«Ўйлашимча, одамлар ковиддан эмас, балки ковид уларни ўлдириб қўйишидан қўрқади. Нафаси қисила бошлаган пайтда айбдорни қидириб қолишади. Агар улар қўрққанида эди, ниқобларда юрарди, эмланарди. Ўпишмасди, қучоқлашмасди, бозорларга бормасди. Кўчаларда ҳали ҳам кўплаб ниқобсиз одамлар юрибди. Шундай тасаввур борки, агар ниқобда бўлсанг, демак, касалсан. Гарчи, бор-йўғи, қонунга итоаткор батартиб инсон бўлсанг ҳам».
Ковид ва Злата
Ўтган йилнинг октябрида Злата ковидга чалинди ва 10 кун мустақил равишда даволанди. Бошида аҳволи яхшиланаётганди, аммо кейин бирдан ёмонлашди. У бўғилар, нафаси қисар, қонидаги кислород миқдори тушиб кетганди.«‘Ўзэкспомарказ’га ётдим. У ерда даволангач, уйга рухсат бериб, бир муддат уйда бўлишимни тайинлашди. Эсимда, ўшанда сменаларга чиқолмай, жуда қийналгандим, яна кимгадир ёрдам қўлини чўзиш учун елиб-югургим келарди. Шу йил июнда вакцинанинг учинчи дозасини қабул қилдим ва анча хотиржам тортдим», — дея бошидан ўтганларини сўзлади.
Златанинг эслашича, Ўзбекистонда биринчи карантин эълон қилинганидан кейин у қариндошлари билан тўққиз ойча кўришмаган. Гарчи улар билан яқин масофада яшаса ҳам, телефон ёки видеоалоқа орқали мулоқот қилган.
«Ўтган йили уларга ковид юқтириб қўйишдан қўрқардим, ўзимни ўша вирусни тарқатиб юргандай ҳис қилаверардим. Касалланиб, антитаналар пайдо бўлгач, хотиржам тортдим ва онам, опам, бувим ва бобом, холам билан кўришдим. Лекин ҳозир опам ёки холамни, кичкинтой жиянчамни кўришга ўзимда журъат топа олмайман», — дейди у.
Қариндошлари ундан хавотир олади, албатта. Иш ҳатто шунгача бориб етганки, яқинлари унга иккисидан бирини танлашни — ё иш, ё қариндошлар билан алоқа қилиш шартини қўйган. Ундан яна оддий касалхонага қайтишни илтимос қилишган, аммо Злата қатъий рад жавобини берган.
Златанинг йигити Амал доимо унинг ёнида ва уни қўллаб-қувватлайди. Улар чақирув қўнғироқлари орасида йўл-йўлакай кўришиб олади. У Злата билан доимий алоқада, лекин у ҳам ҳозирча яқинларидан қочиб юрибди. Кеч тушганда, ҳар сменада қаллиғига кечки овқат, егулик олиб келади.
Оиладаги барча аёллар шифокор
Злата Тошкентдаги тез тиббий ёрдам хизматида қарийб беш йилдан бери ишлайди. Ёш қиз учун иш тажрибаси муҳим ва бу ердан кетиш ҳақида у бирор марта ҳам ўйлаб кўрмаган.«Мен ҳеч қачон бошқа иш билан шуғулланмаганман, энди эса ўзим буни хоҳламайман. Ишим ва ҳамкасбларимга ўрганиб қолдим. Онам ҳам фельдшер, лекин унга тез ёрдам хизмати тўғри келмади. Бир смена ишлабоқ, бу меҳнат жуда оғирлигини тушунди ва ўзи 20 йил ишлаган аввалги шифохонасига кундузги ҳамшира сифатида қайтди. Опам ҳам шу касбни танлаган, у ветеринар врач», – дейди қиз.
Злата шифокор бўлишни ҳеч қачон орзу қилмаган, у тиббиётга онасининг қистови билан кирган, онаси шундай деганди: «Бу яхши ва ёқимли касб. Одамларга ёрдам берасан». Шу билан бирга, қиз бир пайтлар ўт ўчирувчи бўлишни орзу қилганини ҳам яширмайди.
«Ҳар ҳолда мен ўшанда ҳам кимнидир қутқариш ҳақида ўйлардим», — дейди у.
Злата тиббиёт коллежидаги амалиётлар даврида илк бор тез тиббий хизмат билан танишди. У Боровскийда ўқиган. Бу иш унга бирдан ёқди ва амалиётда юрган пайти бир умр ўша ерда ишлашга ва, умуман, шу касбни ҳаёт тарзига айлантиришга қарор қилди.
Злата ўшанда ишни бошқача тасаввур қилганини тан олади. Жиддий ва шошилинч қўнғироқлар кўпроқ бўлади, деб ўйлаган. Аслида эса одамлар тана ҳарорати 38 даражага кўтарилса ҳам, боши оғриб қолса ҳам чақирар экан, сурункали касалликлар билан оғрийдиганлар эса шунчаки укол қилдириб олиш учун қўнғироқ қиларкан.
«Ҳақиқий шошилинч қўнғироқлар ҳам, албатта, бўлиб туради — бу жами чақирувларнинг тахминан 30 фоизини ташкил этади, қолган 70 фоизи сурункали касали борлар ва ваҳимачилар. Бундай беморлар кўпинча: ‘Менга манавини қилиб қўй, кейин кетавер’, дейди», — дея тушунтиради Злата.
Ҳиссий чарчоқ
Деярли ҳар бир сменадан кейин врачларда чарчоқ кузатилади. Златанинг айтишича, сменадан сўнг овқатланиш, чўмилиш, умуман, бирор иш қилишга мадор қолмайди. Баъзан бошини шундоқ столга қўйиб ухлаб қолади, онаси аста уйғотиб, нимадир еб олиши, одамдай ётоқда ухлашини сўрайди.«Уйда баджаҳл бўлиб қолганимни, яқинларимнинг дилига озор бераётганимни сезиб қолдим. Бу нотўғрилигини жуда яхши биламан, аммо руҳан жуда толиққан ва бир кун аввал оддий одам бардош беролмайдиган воқеаларни кўрган бўлсанг, ҳиссиётларингни жиловлаш қийин. Уйга келгач, ҳар бир беморни кўз олдингдан ўтказасан: кимдир оғир аҳволда, кимдир яхши, кимнидир олиб кетдинг, кимдир уйида қолди... Шу каби ўйлар тинчлик бермайди. Истайсанми-йўқми, шу ҳақда ўйлайсан. Яна кўрганларингнинг бари тушингга ҳам киради», — дея давом этади Злата.
Смена тугагач бутун баданинг қақшаб оғрийди, лекин эртасига қаердандир, қандайдир пайдо бўлган янги куч билан кўз очасан.
«Мен кучни ишим, яқинларим ва уйдаги жониворларимдан оламан, уларнинг барини бирга кўрганимда бор чарчоғим ёзилади-кетади. Биз доим ўзимизни қайта куч йиғишга мажбур қиламиз», – дейди у.
Злата бу касбни танлаганидан афсусдами? Йўқ, зиғирча ҳам. «Кучим ва соғлиғим жойида экан, демак, Тошкентдаги тез тиббий ёрдам хизматида ишлашни давом эттираман, яна бошқа қаердадир ишлашни тасаввур ҳам қила олмайман», — дея такрорлади у.
Изоҳ (0)