Навоий шаҳрида жойлашган газ қуйиш шохобчасида 12 август куни портлаш содир бўлиб, ёнғин келиб чиқиши оқибатида 4 киши турли даражада куйиш тан жароҳатини олганди. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг «Дарё»га маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан Навоий вилояти ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан Жиноят кодексининг 259-моддаси 2-қисми «б» банди (ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлиши) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб боришга киришилган.
Қўмитанинг маълум қилишича, портлаш 12 август куни соат 19:15 да Навоий шаҳар, «Кимёгар» маҳалла фуқаролар йиғини Инспекторлар кўчасида жойлашган Propan Best автомобилларга газ қуйиш шохобчасида пропан газ тўкилиши оқибатида юзага келган. Шу вақтда йўлдан ҳаракатланиб келаётган «Москвич» портлаш зарбидан ағдарилиши натижасида 38 ёшли ҳайдовчи А.Бахронов, йўловчилар: 25 ёшли С.Исломов ва 23 ёшли М.Равшанов, шунингдек, содир бўлган портлашни кўрган 35 ёшли Nexia ҳайдовчиси А.Раимов автомашинадан тушиб қочаётган вақтида турли даражадаги тан жароҳатлари олиб, тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.
Қуйида газ-заправканинг ҳодисадан кейинги ҳолати акс этган суратлар тақдим этилди.
Изоҳ (0)