Хитойнинг машҳур маиший техника ишлаб чиқарувчиси Haier компанияси ўзининг илк одамсимон роботи — HIVA Haiwаʼни тақдим этди. Компания ушбу роботни “уй ишлари терминатори” деб атамоқда. У сунъий интеллект билан жиҳозланган бўлиб, бир қатор маиший вазифаларни мустақил равишда бажара олади.

165 сантиметр бўй ва 70 килограммли мазкур робот 44 та механик ҳаракатларни мустақил бажара олади. Шу сабабли у инсонларга хос эгилувчан тарзда ҳаракатлана олади. HIVА Haiwа 2 метргача бўлган баландликдаги буюмларга осонгина етиб бориши, хонада эркин ҳаракатланиши ва бир нечта уй ишларини бажара олиши билан ажралиб туради.
У ғилдиракли платформада ҳаракатланиб, пол ювиш, чанг артиш, овқат тайёрлаш, кир ювиш машинасини бошқариш, кийимларни дазмоллаш ва йиғиштириш каби кўплаб юмушларни бажаради. Haier вакилларининг таъкидлашича, ҳозирча роботни масофадан бошқариш мумкин, аммо яқин йилларда “уй терминатори”га мустақил ҳаракатланиш тизими жорий этилади ва робот автоматик тарзда берилган вазифаларни бажара олади.

Мазкур гуманоид биринчи марта 2025 йил баҳорида Хитойда бўлиб ўтган АWЕ (Аppliancе & Electronics World Expo) халқаро кўргазмасида намойиш этилди. Haier робототехника соҳасида илгари ҳам бир нечта маҳсулотлар яратган эди, аммо ҲИВА Ҳаиwа компания учун одамсимон роботлар бозоридаги илк жиддий қадам бўлди.
Расмий маълумотларга кўра, Haier дунё бўйича SCАRА типидаги роботлар ишлаб чиқариш бўйича тўртинчи, Хитойда эса иккинчи ўринда туради. Компания яқинда Шенженда жойлашган Step Electric компаниясини сотиб олиш ниятини билдирган бўлиб, бу келгусида робототехника бозоридаги мавқейини янада мустаҳкамлаши мумкин.

Haier роботлар бозорига кириб келган ягона йирик компания эмас. Худди шу соҳада Midea, Changhong, Grее ва бошқа йирик техника брендлари ҳам ўз инсонсимон роботларини ишлаб чиқмоқда. Бу эса Хитойда йирик “робот пойгаси” бошланганидан далолат беради.
Бундан аввал тадбиркор Илон Маск ҳам Tesla компанияси ўзининг Optimus V3 роботини ишлаб чиқиши ҳақида айтган эди. Маскнинг сўзларига кўра, ушбу модел 2025 йил охирига қадар тайёр бўлади.
Изоҳ (0)