Шимолий Корея телевидениеси Токио—2020 Олимпиадаси ўйинларини уч ҳафта кечиктириб намойиш қила бошлади. Бу ҳақда NK News хабар берди.
10 август куни мамлакатнинг асосий телеканали KCTV 21 июль куни бўлиб ўтган Буюк Британия ва Чили аёллар футбол жамоалари ўртасидаги ўйинни намойиш этди. Ўйин 70 дақиқа давомида шарҳловчининг шарҳларисиз ва сифати паст ҳолда эфирга узатилган.
«Экрандаги барча белгилар хиралаштирилган. Бу лицензиясиз видеоёзув бўлиши мумкин», — дея фикр билдирди нашр. Портал Пхеньяндан бу йилги Токио ўйинларидан бирор видеоматериал олгани ҳақида расмий маълумот сўради, бироқ таҳририятга жавоб келмади.
Қайд этилишича, интернет ва халқаро телеканалларга кириш тақиқланган Шимолий Кореяда фуқароларни Олимпиада ўйинларини кўришдан маҳрум қилиш ғайриоддий ҳодиса эмас. KCTV трансляциялари одатда бир неча ҳафталаб, баъзан ҳатто йиллаб кечиктирилади.
Бу йил КХДР спортчилари Олимпиадага бормади, улар ўйинларни тезроқ ёритишга туртки бўлиши мумкин эди. Апрель ойида Шимолий Корея COVID-19 пандемиясидан хавотирланиб, Олимпиадада қатнашмаслигини эълон қилди.
Изоҳ (0)