Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Департамент ҳамда ДХХ органлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирларда фуқароларни ўқишга киритиш ҳамда ўқишини кўчириш билан шуғулланмоқчи бўлган фирибгарлар ҳамда талабани якуний назорат имтиҳонидан ўтказиб қўймоқчи бўлган декан ўринбосари ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, Департамент ҳамда ДХХнинг Чилонзор тумани бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Б.А. ва бошқалар фуқаро А.ни Қирғизистоннинг тиббиёт йўналишидаги олий ўқув юртига ўқишга киритиб, кейинчалик ўқишини Андижон давлат тиббиёт институтига кўчириш масаласини юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали ижобий ҳал қилиб бериш эвазига олдиндан келишилган 7300 АҚШ доллари ҳисобидан 35,5 миллион сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Худди шундай, Департаментнинг Юқори Чирчиқ туман бўлими ҳамда ДХХнинг Тошкент вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Ш.И. бошқа бир фуқарони Чирчиқ педагогика институтига контракт асосида ушбу институтда ишловчи танишлари орқали ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, олдиндан келишилган 3000 АҚШ доллари ҳисобидан 1000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Муқаддам 4 маротаба фирибгарлик жиноятлари учун судланган фуқаро Н.Т. фуқаро Т.нинг ўғлини ИИВ Академиясига танишлари орқали ўқишга киритиб қўйишга ишонтириб, эвазига 1000 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтида Департаментнинг Музработ тумани бўлими ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, Департаментнинг Бухоро туман бўлими ҳамда ДХХнинг Бухоро вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро М.Қ. бошқа бир фуқаронинг ҳужжатларини «transfer.dtm.uz» сайтида рўйхатдан ўтказиб, Қозоғистондаги институтга бормасдан туриб бир йил ўқигани ҳақида сертификат ва транскрипт ҳужжатларини танишлари орқали тайёрлаб бериши эвазига 900 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Департамент ҳамда ДХХнинг Самарқанд вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда эса Самарқанд давлат чет тиллар институти факультет декани ўринбосари С.И. фуқаро Н.нинг ушбу институтда таълим олаётган қизини якуний назорат имтиҳонидан ўтказиб бериш эвазига 550  доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Бундан аввал Андижонда фуқарони Қирғизистонга ўқишга киритиб қўйиш эвазига 1,4 минг доллар сўраган университет ўқитувчиси қўлга олингани, Бухорода ҳокимлик захирасидаги 16 сотих ерни 14 минг долларга сотишга уринган шахс ушлангани ҳамда Андижонда собиқ кадастр ходими эгалик ҳуқуқини берувчи қарорни чиқартириб бериш эвазига 15 минг доллар олаётганида қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Маҳаллий
«Электр таъминотидаги узилишларга кўп дуч келдим» — Ўзбекистонга кўчиб ўтган IT-мутахассис таассуротлари
Маҳаллий
Шавкат Мирзиёев Володин бошчилигидаги Россия парламент делегациясини қабул қилди (фото)
Дунё
Саакашвилининг организмида маргимуш топилди — адвокат