Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотидан аввал ишбилармонларнинг ташаббус ва муаммоларини ўрганиш мақсадида ташкил этилган штаб ҳамда Call-марказга ҳокимликлар устидан шикоят қилаётган тадбиркорлар ҳам бор. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги бош мутахассиси Дадахон Жуманиёзов «Дарё» мухбири Миролим Исажоновга берган интервьюсида таъкидлаб ўтди.

Вазирлик вакилининг қайд этишича, ҳокимликлардан норози тадбиркорларнинг кўпчилиги ер масаласида мурожаат йўлламоқда.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

«Тадбиркорлар, асосан, ер билан боғлиқ, яъни хусусий мулкни ҳимоя қилиш масаласида мурожаат қилмоқда. Улар фаолиятини бошлашдан олдин ҳокимликларга ер ажратиб берилишини сўраб ёки ажратилган ер учун қарор чиқартиришга борганида ҳокимият вакиллари «Фаолиятингизни бошлаб тураверинг, қарор чиқариб берамиз», деб тадбиркорларни оғзаки ишонтиришган. Вақт ўтиб, давлатимиз раҳбарининг ер ислоҳотига оид қатор фармон ва қарорлари имзолангач, ҳокимларнинг ер ажратиш ваколати бекор қилинди.

Шунинг учун тадбиркорлар мазкур масалада азият чекиб, ечим топиш ниятида мурожаат йўллашяпти. «Ҳокимият мени ишонтирган эди, мен у бинога пул сарфлаб, инвестиция киритгандим. Ҳозир мени у ерда ҳеч қандай қонуний мулким ҳам, ҳуқуқим ҳам йўқ. Ўзим маблағ сарфлаган бинода ўзим ижарада ўтирибман ёки айрилиб қолдим», деган мазмунда кўп мурожаатлар келяпти. Биз тадбиркорларнинг фикрлари қай даражада тўғри эканлигини билиш мақсадида ҳар бир мурожаатни индивидуал тарзда ўрганиб чиқяпмиз», — деди Жуманиёзов.

Таҳлилларга кўра, 20 июлдан 2 августгача жами 10 минг 623 та мурожаат келиб тушган. Шундан 3,5 мингдан зиёди ҳал бўлган.

«Келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, бу мазмундаги аризалар республика бўйлаб 705 тани ташкил қилади. Ҳудудлар кесимида энг кўп мурожаат Тошкент шаҳрига (79 та) тўғри келмоқда. Кейинги тўртликда Қашқадарё (64 та), Самарқанд (60 та), Бухоро ва Андижон вилоятларини кўриш мумкин.

Ҳокимиятлардан норози бўлиб, йўлланаётган мурожаатларнинг йўналишини таҳлил қилсак, энг кўпи — 287 таси ер билан боғлиқ. Юқорида айтганимдек, ҳокимликлар тадбиркорни оғзаки ишонтириб, ҳалигача унга ер ажратмаган ёки қарор чиқариб бермаган», — деди вазирлик расмийси.

Изоҳ
Асосий янгиликлар