Афғонистон жанубидаги Қандаҳор аэропорти «Толибон» террорчилик ҳаракати томонидан ракета ҳужумига учради, парвозлар тўхтатилди. Бу ҳақда Reuters ҳаракатнинг расмий вакили Забиҳулла Мужоҳидга таяниб хабар берди.

Қандаҳор аэропорти

Фото: U.S. Department of Defense

«Толибон» бир кечанинг ўзида камида учта ракета учирган. Мужоҳиднинг сўзларига кўра, ҳужумнинг мақсади Афғонистон ҳукумат кучларининг «Толибон» позицияларига авиазарбаларининг олдини олиш бўлган.

Ҳукумат маълумотларига кўра, ракета ҳужуми оқибатида учиш-қўниш йўлагининг бир қисмига зарар етган, барча рейсларни бекор қилиш ҳақида қарор қабул қилинган.

Аввалроқ Афғонистонда бир кунда содир бўлган иккита ЙТҲ оқибатида 20 нафар одам ҳалок бўлгани хабар берилган эди.

Июль ойида АҚШ ўз қўшинларининг катта қисмини Афғонистонда олиб кетди. Шундан кейин мамлакатда «Толибон» жангариларининг ҳужумлари бошланди. Айни пайтда «Толибон» Афғонистон чегараларининг тахминан 90 фоизини назорат қилмоқда ва йирик шаҳарларга ҳужум уюштирмоқда.