Наманган шаҳрида 30 июль куни фуқаро ИИБ ходими билан тортишиб, унинг хизмат кийими тугмаларини узиб ташлади. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, воқеа соат 11:00 атрофида шаҳарнинг «Шодлик» МФЙ, Тўрақўрғон кўчасида содир бўлган.

Аниқланишича, ушбу кўчада яшовчи М.И. хонадони ёнида қурилиш олиб бораётган фуқаро А.Б. билан жанжаллашиб қолган. Фуқаро бунинг олдини олиш учун жалб этилган ҳудуд профилактика инспектори Б.М. ва А.Х.га қаршилик кўрсатиб, эгнида бўлган хизмат кийимининг тугмаларини узиб ташлаган.

Таъкидланишича, блогерлар ҳодиса жойида хизмат вазифасини бажараётган ходимларга қўпол қаршилик қилиб, тош ва бошқа буюмлар билан уларга таҳдид қилган ва оммани тўплаб жамоат тартибини бузган фуқаролар ҳақида ҳеч қандай маълумот бермаган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Наманган шаҳар прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. ИИБ ходимларнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан эса хизмат текшируви тайинланди.

Бундан аввал Сурхондарёда ИИБ ходимлари билан жанжаллашган ошхона раҳбари жаримага тортилгани, Сурхондарёда профилактика инспекторининг ёрдамчилари ИИБга олиб кетилаётган фуқарони уриб, ўлдириб қўйгани ҳамда Чилонзордаги кафеда жанжал кўтариб, ички ишлар ходимига қўл кўтарган шахслар ҳибсга олингани ҳақида хабар берилганди.