Ижтимоий тармоқларда «Андижон вилоят ҳокимлиги биноси олдини бир нечта аёллар йўлларни тўсгани айтилмоқда» сарлавҳаси остида видеолавҳа тарқалган. Ҳолат юзасидан Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати маълумот берди.
Қайд этилишича, 2021 йилда вилоят ҳокимининг қабули тасдиқланган йиллик жадвалга асосан ҳар ойнинг охирги шанба кунларида белгиланган тартибда ўтказилиб келинган.
Президент раислигида 23 июль санасида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янгича ташкил қилиш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди. Мазкур йиғилишда берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида 2021 йил учун тузилган жадвалга бирмунча ўзгартиришлар киритилган.
Бу ҳақида 29 июль куни вилоят ҳокимлигининг барча расмий саҳифалари ҳамда бошқа ОАВлар орқали эълон қилинган эди.
Вилоят ҳокимлиги биноси олдига келган фуқаролар эса вилоят ҳокимининг фуқароларни қабул қилиш тартибига киритилган ўзгаришлардан бехабар экани маълум бўлди. Фуқароларга мутахассислар томонидан тегишли тартибда тушунчалар берилди.
Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари О.Турсунов ҳамда вилоят ҳокимининг маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўйича ўринбосари М.Нишонов томонидан фуқаролар қабули давом этмоқда.
Бундан аввал Бухорода кредит ололмаган аёллар автомобиль йўлини тўсгани, Боғотда газ таъминоти йўқлиги сабаб аҳоли йўлни тўсиб қўйгани ҳақидаги хабарлар юзасидан расмий маълумот берилгани ҳамда Кегайлида нафақа пулларини олмаган фуқаролар йўлни тўсгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)