АҚШнинг Калифорния штатида COVID-19 пандемияси даврида одамларнинг эмланишига қарши курашган 34 ёшли блогер Стивен Гармон коронавирусдан вафот этди. Бу ҳақда BBC хабар қилган.

Фото: CBS

Ҳиллсонг протестант черкови вакили бўлган Стивен Гармон АҚШда одамларнинг коронавирусга қарши эмланишини нотўғри деб ҳисоблашини таъкидлаган. У эътиқоди билан касалликдан ҳоли бўлишини айтиб, COVID-19 га қарши эмланишни рад этганди.

Блогер ўлими олдидан ҳам ижтимоий тармоқларда пандемия ҳақида ҳазиллар қилган, юқумли касалликлар бўйича мутахассис Энтони Фаучига эмас «Инжил»га ишониши ҳақида ҳазил суратлар билан бўлишган.

Гармон коронавирусга чалинганидан кейин вирус унда пневмония бошланишига сабаб бўлган ва у Лос-Анжелесдаги касалхоналардан бирида даволанган. У 21 июль куни вафот этган.

Гармон Twitter’даги охирги твитида одамлардан ўзи учун дуо қилишни сўраган ва ўпкага сунъий равишда ҳаво етказувчи аппаратга улашаётгани ҳақида ёзган.

«Илтимос мен учун дуо қилинг, мени ўпкага сунъий ҳаво етказиб берувчи аппаратга улашмоқда. Қачон уйғонишимни билмайман, мен учун дуо қилинг, илтимос!», – деб ёзганди блогер.

Аввал Нью-Йорк аҳолисига коронавирусга қарши эмланиш эвазига 100 доллардан тўлаш бошланиши, Голливуд юлдузи Рассел Кроу 7 минг кишилик навбатда туриб, коронавирусга қарши эмлангани ҳақида хабарлар берилган.