Номаълум шахслар Покистондаги Афғонистон элчисининг қизини ўғирлаб кетиб, қийноққа солди, деб хабар бермоқда Reuters Афғонистон ҳукуматига таяниб.

Фото: Pixabay

26 ёшли Силсила Алихаил 17 июль, жума куни велосипедда уйига қайтаётган вақтида ўғирлаб кетилган ва беш соатга яқин «шафқатсизларча қийноқларга солинган», дея маълум қилди Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги.

Тиббий ҳисоботда айтилишича, қизнинг танасида тимдаланган жойлар, билаклари ва тўпиқларида арқон излари бор, шунингдек, бошининг энса қисмида гематома аниқланган. Асирликдан озод этилгач, қиз касалхонага ётқизилган.

Афғонистон ҳукумати ушбу «мудҳиш хатти-ҳаракат»ни қоралаб, дипломатлар, уларнинг оилалари ва бошқа ходимлар хавфсизлиги юзасидан чуқур хавотир билдирди.

Иккала мамлакатда ҳам ушбу ҳолатдан умумий норозилик фонида Афғонистон ҳукумати расмий шикоят топшириш учун Покистоннинг Кобулдаги элчисини чақирди.

Шунингдек, Афғонистон ТИВ Покистон ҳукуматини элчихона хавфсизлигини таъминлаш учун барча чораларни кўришга ва ўғриликда айбдорларни жавобгарликка тортишга чақирди.

Покистон ТИВ ҳодиса юз берганини тасдиқлади ва Исломобод полицияси пухта текширув бошлаганини маълум қилди. «Покистон бош вазири Имрон Хон ушбу масала биринчи даражали топшириқ сифатида кўриб чиқилиши ва айбдорлар 48 соат ичида қўлга олинишини истарди», — деди ички ишлар вазири Шайх Рашид Аҳмад.

Вазирлик хабарида айтилишича, ҳукумат элчи ва унинг оиласи хавфсизлигини кучайтирган, ҳуқуқ-тартибот органлари эса айбдорларни жавобгарликка тортиш учун уларни топишга ва қўлга олишга уринмоқда.

Аввалроқ Покистон бош вазири Имрон Хон Афғонистондаги вазият Ўзбекистон ва Покистон учун жудаям ташвишли эканини қайд этган эди.

Сўнгги бир неча ҳафтадан буён «Толибон» ҳаракати аъзолари Афғонистон ҳукумат кучлари позицияларига ҳужум бошлаб, кўплаб ҳудудларни, шу жумладан, Эрон, Тожикистон ва Туркманистон билан чегарадаги постларни эгаллаб олди. Бу Америка қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқилиши фонида юз бермоқда, қўшинларни олиб кетиш эса АҚШ президенти Жо Байденнинг режаси бўйича 2021 йил 11 сентябргача якунланиши керак.