Бельгияда бир вақтнинг ўзида коронавируснинг иккита — «британча» (алфа) ва «жанубий африкача» (бета) штаммларини юқтириб олган аёл вафот этди, деб ёзади «РБК».

Фото: «РИА Новости»

Bloomberg маълумотларига кўра, 90 ёшли аёл март ойидаёқ Бельгиянинг Алст шаҳрида касалхонага ётқизилган. Ўша куни унга COVID-19’нинг алфа-варианти ташхиси қўйилган, аёлнинг аҳволи тезлик билан ёмонлашган, беш кун ўтиб эса вафот этган.

Шифокорлар аёл ҳам алфа, ҳам бета штаммлари ташувчиси эканини аниқлади. Ўша вақтда вируснинг иккала варианти ҳам Бельгияда айланиб юрган, шу сабабли аёл вируснинг икки хил штаммини турли одамлардан юқтирган бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, июнь ойи бошида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) коронавирус вариантлари энди грек алифбоси ҳарфлари билан белгиланишини, бундан мақсад — ушбу штаммлар биринчи марта аниқланган мамлакатларни дискриминация қилмаслик эканини маълум қилди.

Буюк Британия штамми 2020 йил охирида пайдо бўлган. Мутахассислар «британча» штамм билан касалланган беморларда касалликнинг оғир босқичларигача бормаслиги, бироқ касалликнинг бошқаларга юқиш эҳтимоли юқори эканини билдирган.

Ҳиндистон штамми эса мамлакатда апрелдан буён COVID-19 инқирозини вужудга келтирган, касаллик асоратлари оқибатида вафот этганлар сони ҳам кескин ошган.