Самарқанд вилояти Самарқанд туманидаги АЁҚШда ёнғин содир бўлди, дея хабар бермоқда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси.
Маълум қилинишича, 8 июль куни соат 14:36 да Самарқанд вилояти Самарқанд тумани «Қундузсуфий» МФЙда жойлашган АЁҚШ ҳудудида ер остида жойлашган 25 тоннали сиғимда пайвандлаш ишлари олиб бораётган вақтида портлаш содир бўлиб, сиғимдаги, тахминан, 50 литр солярка маҳсулоти ёнган.
Воқеа жойига зудлик билан 5 та ёнғин-қутқарув экипажи 14:43 да етиб бориб, ёнғин соат 14:50 да ўраб олинган ва соат 15:10 да тўлиқ бартараф этилган.
Портлаш шохобча ҳудудида пайвандлаш ишлари олиб борилиши оқибатида келиб чиққан.
Ҳодиса оқибатида бир нафар фуқаро ҳалок бўлган ва бир нафар фуқаро куйиш тан жароҳатини олиб, туман марказий шифохонасига ётқизилган.
Ёнғиндан келтирилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.
Бундан аввал Намангандаги хонадон ошхонасида газ портлаши оқибатида 12 ёшли бола ҳалок бўлгани, Ургутдаги газ қуйиш шохобчасида «ЗИЛ» портлаб кетгани ҳамда Нукусдаги ресторанларнинг бирида газ портлагани ҳақида хабар қилинганди.
Изоҳ (0)