Самарқанд вилояти Иштихон туманида Сурияда жанговар ҳаракатларда иштирок этиш учун кетаётган бир гуруҳ шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар қилди.
Иштихон туманида яшовчи бир гуруҳ шахслар интернет тармоғи орқали террорчи ташкилотлар ғоялари таъсирига тушиб қолган. Оқибатда жамоат бўлиб Туркия орқали Суриядаги жанговар ҳаракатларда иштирок этишни мақсад қилган.
Улар шу мақсад билан мазкур мамлакатга кетишга тайёргарлик кўраётган вақтда вилоят давлат хавфсизлиги хизмати ва ички ишлар бошқармалари ходимлари томонидан қўлга олинди.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан тезкор-суриштирув тадбирлари олиб борилмоқда.
Бундан аввал Самарқандда «Ҳизб ут-Таҳрир» террористик ташкилотига аъзо 6 нафар шахс аниқлангани, Сирдарёда экстремистик гуруҳ аъзоси сифатида 20 киши ушлангани ҳамда Самарқандда Сурия ва Яқин Шарқдаги террористик ташкилотларга қўшилмоқчи бўлган 14 нафар фуқаро аниқлангани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)