Ўзбекистон Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва Франциянинг Suez International компанияси Тошкент шаҳри учун сув ҳисоблашнинг интеллектуал тизимини жорий қилиш бўйича ҳамкорликдаги тадбирлар тўғрисида меморандум имзолади. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

2020 йилнинг март ойида Suez International компанияси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, ЦСТ (аввалги «Сувсоз») ва Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги «Тошкентда сув таъминоти трансформацияси режаси» лойиҳасини амалга ошириш доирасида биргаликда бошқарув тўғрисидаги келишувни имзолаган.

Биргаликда бошқарув тўғрисидаги келишув қатор инновацияларни жорий этиш, ноу-хауларни киритиш, назорат кўрсаткич ва тизимлари, таҳлил инструментлари, рақамли трансформация, техник ёрдам ва ходимларни ўқитиш орқали сув таъминоти ва сув чиқарилиши операторининг имкониятларини кенгайтириш ва фаолият самарадорлигини оширишни назарда тутади.

«Имзоланган меморандум Тошкентда сув ҳисоблашнинг интеллектуал тизимини жорий этиш бўйича тарафлар ўртасидаги ҳамкорликнинг бошқарув тамойилларини мустаҳкамлайди», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда сув таъминоти тизимини яхшилаш бўйича Франция компанияси билан бирга 185,4 миллион евролик лойиҳа амалга оширилиши 2020 йилнинг июнида маълум бўлганди.

Аввалроқ ЕТТБ Наманган вилоятида ичимлик суви таъминотини яхшилашга 70 млн доллар ажратиши, Ўзбекистонда аҳолининг сувдан қарздорлиги 555,8 млрд сўмга етгани тўғрисида хабар берилганди.