Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, дунёда коронавирусга чалинганлар сони 176 648 586 кишини ташкил қилмоқда, шуларнинг 3 822 869 нафари вафот этган. Касалланганлар сони бўйича етакчи мамлакатлар қуйидагилар: АҚШ (33,4 миллион), Ҳиндистон (29,6 миллион), Бразилия (17,5 миллион), Франция (5,8 миллион) ва Туркия (5,3 миллион).

Буюк Британияда Royal Ascot от пойгалари бўлиб ўтмоқда

Фото: Getty Images

Украина «Спутник V» вакцинаси билан эмланган одамларни ўз ҳудудига киритмаяпти

Украина вакцинация паспортида Россиянинг коронавирусга қарши «Спутник V» вакцинаси кўрсатилган фуқароларни ўз ҳудудига киритмаяпти, чунки у Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ва Украина томонидан тан олинмаган.

Чегара хизмати масъулларининг айтишича, ЖССТ ва Украина томонидан тан олинган вакциналаргина Украинага кириш имкониятини беради.

Агар чет эл фуқароси «Спутник V» билан эмланган бўлса ва манфий жавобли ПЗР-тести бўлмаса, киритилмайди, аммо Украина фуқаролари ўз-ўзини яккалаш режимига ўтади ёки обсервацияга кетади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги аниқлик киритишича, амалдаги қонунчиликка кўра, Украинага кириш учун ПЗР-тест ёки экспресс-тестнинг манфий натижасини ёки бўлмаса, COVID-19’га қарши ЖССТ томонидан маъқулланган вакциналар билан тўлиқ эмланганлик ҳақидаги ҳужжатни тақдим этиш керак.

Олимлар коронавирусдан ҳимояланишнинг ноодатий усулини маълум қилди

Йел университети олимлари COVID-19’га қарши ҳимояланишнинг кутилмаган усулини ошкор қилди. Уларнинг фикрича, шамоллаш вируси бемор организмида ишга туширадиган иммун жавоби унинг коронавирус билан касалланишига йўл қўймайди.

Мутахассислар лабораторияда нафас йўллари тўқимасини ўстириб, аввал унга шамоллашни келтириб чиқарадиган риновирусни, сўнг коронавирусни ҳам юқтирди. Биринчи вирус таъсирида иммун тизими фаоллашиб, COVID-19’нинг тарқалишини тўхтатди. Олимлар умид қилишича, тадқиқот натижалари инфекцияни даволашнинг янада самаралироқ усулларини ишлаб чиқишда ёрдам беради.

Шу билан бирга, мутахассислар таъкидлашича, даволашнинг бундай усули бемор коронавирусга чалинганидан кейин максимал даражада тезкорлик билан қўлланилиши керак.

«Ҳаммаси вақтга боғлиқ. Вируслар ўртасида бизга унчалик тушунарли бўлмаган яширин боғлиқликлар бор. Олинган натижалар биз ечимини ахтараётган бошқотирманинг бир қисмидир», — деди Йел тиббиёт мактаби доценти Elleн Фоксман.

Нью-Йоркда шаҳарликларнинг 70 фоизи эмланиб бўлгани муносабати билан мушакбозлик уюштирилди

Нью-Йорк маъмурияти 15 июнь куни шаҳар аҳолисининг 70 фоизи камида битта доза билан эмлангани шарафига мушакбозлик уюштирди. Шаҳарда карантин чекловлари юмшатилмоқда.

Салют 20 дақиқа давом этган ва ню-ёркликлар учун кутилмаган совға бўлган.

«70 фоиз нима дегани? Бу шуни билдирадики, энди биз ўзимиз билган ҳаётга қайтишимиз мумкин», — деди шаҳар мэри Эндрю Куомо.

Энди кинотеатрлар томошабинлар ўртасида жой қолдириши, ресторанлар хўрандалар оралиғидаги икки метрлик масофани назорат қилиши, дўконлар эса мижозлар сонини чеклаши шарт бўлмайди.

Шунга қарамай, Нью-Йорк аҳолиси мактаб, метро, стадион, уйсизлар учун бошпана, касалхона, қариялар уйи ва қамоқхоналарда ниқоб тақиши керак бўлади.