АҚШнинг Техас штати Эл-Пасо округида ўтказилаётган пойга пайтида машина кўп сонли томошабинлар орасига бостириб кирди, оқибатда 29 киши жароҳат олди. Бу ҳақда маҳаллий АBC-7 News телеканалига таяниб, «РБК» хабар берди.

Бахтсиз ҳодиса тахминан 18:30 да (Тошкент вақти билан 05:30) Фабенс пойга трассасида ўтказилаётган «лой пойгалари» номли мусобақада содир бўлган.

«Дастлабки текширув шуни кўрсатдики, пойга машиналаридан бири номаълум сабабларга кўра лой айланадан чиқиб, тўсиқни ёриб ўтган. Бундан ташқари, оқибатда яна учта автомобилга ҳам шикаст етган», — дейилади хабарда.

Эл-Пасо округи судьяси Рикардо Саманиэго маълум қилишича, ҳодисада жами 29 киши жароҳат олган, улардан уч нафари оғир аҳволда. Жабрланувчиларнинг саккиз нафари Дел Сол тиббиёт марказига ётқизилган.