Шавкат Мирзиёев Тожикистонга расмий ташрифи доирасида 11 июнь куни Душанбедан Хўжандга келганидан сўнг икки мамлакат етакчилари қисқа учрашув ўтказиб, биргаликда Хўжанд яқинидаги «Арбоб» маданият саройига йўл олганди. Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, бу ерда Сўғд вилояти жамоатчилиги вакиллари, зиёлилар, нуронийлар билан учрашув бўлиб ўтди.
Эмомали Раҳмон Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси билан икки мамлакат ўртасида ишонч ва дўстлик муҳити яратилганини таъкидлади.
«Илгари тўпланиб қолган муаммолар шундай қисқа муддатда ҳал этилишини тасаввур қилиб бўлармиди?! Бунга халқаро ташкилотлар ҳам ишонмаган эди. Бугун давлатларимиз ўртасида ҳал бўлмаган масала қолмади, ўзаро ишонч пайдо бўлди. Бундай муносабатларнинг ташаббускори ва архитектори — ҳурматли Шавкат Миромонович Мирзиёев», — деган Эмомали Раҳмон.
Кейинги йилларда давлат чегараларида 17 та ўтказиш пункти очилгани, Тожикистон халқи бундан миннатдор экани қайд этилди.
Шавкат Мирзиёев чуқур ҳурматини билдириб, халқлар ўртасидаги дўстликни қадрлаш, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш ҳақида нутқ сўзлади.
«Сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида қарор топган яхши қўшничилик ва абадий дўстлик туфайли биз улкан натижаларга эришмоқдамиз. Албатта, бундай ютуқларга эришишда сиз, азизларнинг, икки мамлакат жамоатчилиги ва зиёлиларининг беқиёс ҳиссаси борлигини биз яхши биламиз ва юксак қадрлаймиз», — деган у.
Учрашувда дунё шиддат билан ўзгараётгани, бизнинг минтақада ҳам хавфсизликка янги таҳдидлар юзага келаётгани қайд этилди.
«Биз тинчлик ва барқарорлик, дўстлик ва ҳамкорлик каби буюк неъматларни алоҳида қадрлашимиз ва мустаҳкамлашимиз, ёшларда миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат туйғусини тарбиялашимиз керак. Саъй-ҳаракатларимизни бирлаштирсаккина, халқларимиз учун тинчлик ва хотиржамликни, келгуси авлодларга фаровон ҳаётни таъминлашдек умумий мақсадга эришишимиз мумкин. Ишончим комилки, сиз, ижодий ва илмий соҳаларнинг ҳурматли вакиллари, ўзингизнинг бой билим ва ҳаётий тажрибангиз, ташаббускорлик ва ғайратингиз билан халқларимиз дўстлигини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшасиз» — деган Ўзбекистон Президенти.
Хабарда айтилишича, давлат раҳбарлари «Арбоб» маданият саройини кўздан кечирди. Ушбу мажмуа 1959 йилда барпо этилган. У тожик халқи учун тарихий аҳамиятга эга. Ўтган асрнинг 90 йиллари бошида бу ерда мамлакат мустақиллигига доир муҳим қарорлар қабул қилинган. Бу ерда 1992 йилда Эмомали Раҳмон давлат раҳбари лавозимига киришган.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг таклифига биноан 10 июнь куни расмий ташриф билан Тожикистонга келди. Ташрифнинг илк кунида давлат раҳбари Душанбе халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди, «Қасри Миллат» қароргоҳида уюштирилган тантанали маросимда қатнашди. Шу ернинг ўзида икки давлат раҳбарлари аввалига тор, сўнг кенгайтирилган таркибдаги учрашувларда иштирок этди.
Бундан ташқари, Самарқанд ва Хатлон вилоятларида қурилган ижтимоий объектларнинг очилиш маросими ўтказилди.
Тадбирлар якунида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида 35 та ҳужжат имзоланди. Эмомали Раҳмон Шавкат Мирзиёевни биринчи даражали «Зарринтож» ордени билан мукофотлади.
Изоҳ (0)