Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида бир киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати хабар берди.

Кадр: Telegram

Маълум қилинишича, кўнгилсиз ҳодиса туманнинг «Лутфикор» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 4Р-108Б автомобиль йўлининг 3-километрида содир бўлган.

«Йўлнинг ўртасида тўхтаб туриб, телефон чуқалаётган пиёдани уриб юбордим», — дейди ҳайдовчилик гувоҳномасини 2021 йилнинг январида олган ҳайдовчи.

Таъкидланишича, ҳайдовчи шошаётгани сабаб тезликни оширган ва ЙТҲ содир этган.

Маҳалла аҳолиси билан ҳолат юзасидан ўтказилган муҳокама давомида авариялар содир бўлишига йўлни ёритиш чироқлари ёнмаслиги сабаб қилиб кўрсатилган. Маҳалла раиси Юсуфали Сафаровнинг сўзларига кўра, лимит чеклангани учун йўлни ёритиш чироқлари ҳар куни соат 23:00 дан кейин ўчади. Ажратиладиган лимитни ошириш бўйича вилоят ИИБ ЙҲХБ томонидан туман ҳокимлигига тақдимнома киритиладиган бўлди.

Аввалроқ Қашқадарёда Nexia йўлнинг белгиланмаган қисмидан кесиб ўтаётган пиёдани уриб кетгани, Фарғонада бир кечада 3 та ЙТҲ юз бериши оқибатида скутер ва велосипед ҳайдовчилари вафот этгани тўғрисида хабар берилганди.