АҚШ президенти Жо Байден Россия президент Владимир Путин билан учрашувда Вашингтон унга инсон ҳуқуқларини бузишга йўл қўймаслигини билдириб қўяди. Бу ҳақда Байденнинг ўзи маълум қилди, деб ёзади «РБК».

Фото: Getty Images

«Бир неча ҳафтадан кейин мен президент Путин билан Женевада учрашаман. Путинга биз жим қараб турмаслигимизни ҳамда инсон ҳуқуқлари бузилишига йўл қўймаслигимизни очиқ билдираман,» — деди Байден.

Путин ва Байден 16 июнь куни Женевада учрашади. Кремлнинг таъкидлашича, томонлар икки томонлама муносабатларнинг ҳолати ва истиқболлари, стратегик барқарорлик ва халқаро кун тартибидаги долзарб масалаларни, шу жумладан, «коронавирус пандемиясига қарши курашиш ва минтақавий можароларни ҳал қилишда ўзаро ҳамкорликни» муҳокама қилади.

Оқ уй матбуот котиби Жен Псакининг таъкидлашича, Вашингтон Москва билан «олдиндан айтиб бўладиган ва барқарор» муносабатларни тиклашга интилмоқда. Унинг сўзларига кўра, мамлакатларнинг ўзаро зиддиятли соҳаларда юзма-юз келиши туфайли Америка—Россия саммити чоғида «суҳбат оғир бўлиши» кутилмоқда. Музокаралар мавзуларидан бири Украина ва Беларусдаги вазият бўлади.

Украина ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Евгений Енин 28 май куни маълум қилишича, Украина президенти Владимир Зеленский Байденнинг Путин билан музокаралари бошланишидан олдин Америка президенти билан гаплашмоқчи.

Таъкидланишича, Украина Ташқи ишлар вазирлиги айни пайтда Байден ва Зеленский ўртасидаги суҳбат учун «кун тартибини диққат билан тайёрламоқда».

Эслатиб ўтамиз, 13 апрель куни АҚШ президенти Жо Байден россиялик ҳамкасби билан учинчи давлат ҳудудида учрашиш истаги борлигини айтган эди. Кремль саммитнинг Евроиттифоқ давлатларидан бирида бўлиб ўтиши мумкинлигини маълум қилди. 4 май куни Байден учрашувнинг июнь ойида бўлиб ўтишини «умид билан кутаётгани»ни айтди.