Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон қаллиғи Керри Саймондс билан никоҳдан ўтди. Бу ҳақда Британия ОАВлари ўз манбаларига таяниб хабар берди, деб ёзади «РБК».
Маросим Лондондаги Вестминстер католик соборида бўлиб ўтгани айтилмоқда.
The Sun ёзишича, тўйда 30 киши қатнашган — мамлакатда жорий этилган коронавирусга қарши чекловлар шуни талаб қилади. Меҳмонларнинг барчаси бевосита тўй олдидан таклифнома олган. The Daily Mail хабарига қараганда, тўй дастлаб июль охирига белгиланган эди.
The Sun манбасига кўра, Вестминстер собори 29 май куни 13:30да (Тошкент вақти билан 17:30) ташриф буюрувчилар учун ёпилган. Маросимнинг ўзи орадан ярим соат ўтиб бошланган.
Иккала нашр ҳам бош вазир идорасидан тўй ҳақида маълумот ололмаган.
Жонсон ва Саймондс 2018 йилдан буён учрашади. 2020 йил февралида улар унаштирув ҳақида маълум қилди. Жуфтликнинг ўғил фарзанди бўлиб, унга бош вазирни коронавирусдан даволаган шифокорлар шарафига Уилфред Лори Николас Жонсон деб исм қўйишган.
Британия ҳукумати раҳбарининг аввалги турмушидан икки қизи ва икки ўғли, бундан ташқари, никоҳсиз туғилган яна бир қизи ҳам бор.
Мавзуга доир:
- Британия бош вазирининг таътил саёҳати харажатлари бўйича текширув бошланди
- ОАВ: Британия бош вазири коррупцияда гумон қилинмоқда
- Борис Жонсон ўз уйини ойига 4 минг фунт эвазига ижарага бермоқчи (фото)
- Борис Жонсон ота бўлди. Болакайга бош вазирни даволаган шифокорларнинг исми қўйилди
- Борис Жонсон ёш севгилиси билан жанжаллашди
Изоҳ (0)