АҚШнинг NASA космик агентлиги Сомон йўли галактик марказининг янги тасвирини эълон қилди, деб ёзади Meduza. У сўнгги 20 йил давомида олиб борилган кузатувлар чоғида олинган 370 та сурат ёрдамида ҳосил қилинган.
Маълумотлар Жанубий Африкадаги MeerKAT радиотелескопи ва «Чандра» космик телескопи орқали олинган. Ушбу тасвир шу пайтгача эълон қилинганидан кўра кенгроқ галактика яссилигини қамраб олади.
«Чандра» томонидан аниқланган рентген нурлари тўқ сариқ, яшил, кўк ва сиёҳранг билан, MeerKAT орқали олинган маълумотлар эса бинафша ранг ва кул ранг билан ажратилган.
Массачусетс университети астрономи Дениел Ван сурат устида сўнгги бир йил давомида — коронавирус пандемияси туфайли карантинда ўтириб, иш олиб борганини айтди.
«Биз тасвирда кўриб турганимиз — галактикамиз марказидаги агрессив ёки шиддатли экотизим. У ерда ўта янги юлдузлар, қора туйнуклар ва нейтрон юлдузлар қолдиқлари кўп. Ҳар битта рентген нуқтаси ёки элементи энергия манбаидан иборат бўлиб, уларнинг кўпчилиги Сомон йўли марказида жойлашган»,— деди астроном.
Сомон йўлининг галактика маркази Ердан 26 минг ёруғлик йили масофасида жойлашган.
Изоҳ (0)