Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоятидаги автомобиль йўли бўйлаб ҳаракатланган ҳарбий техникалар колоннаси таркибидаги «БМД» (Десантчилар жанговар машинаси) билан содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси видеоси тарқалди. Бу ҳақда «Zamon.uz» хабар қилди.

Мудофаа вазирлиги ахборот ва оммавий коммуникациялар департаментининг хабар беришича, йўл-транспорт ҳодисаси ҳарбий техникалар колоннасининг бир манзилдан бошқа бир манзилга ҳаракатланаётгани вақтида содир бўлган.

Таъкидланишича, «БМД» машинанинг бошқарув тизимида техник носозлик юзага келиб, тўсатдан чап томонга бурилиб кетган.

Натижада у бетон тўсиқни йиқитиб, устига чиқиб кетган. Механик ҳайдовчи зудлик билан тўхтатиб қолгани натижасида қарама-қарши йўлга чиқиб кетишнинг олди олинган.

Мазкур ҳолат оқибатида жабрланганлар йўқ. Ҳолат юзасидан хизмат текшируви олиб борилмоқда.

Бундан аввал Тошкентда транспорт бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахс машина ҳайдаб, бир инсоннинг умрига зомин бўлгани, Бўстонлиқда Тошкент шаҳар ИИББ ходими иштирокида ЙТҲ юз бергани ҳамда Тошкентда автодўкон ходимининг бепарволиги сабаб тўртта автомобиль иштирокида ЙТҲ содир бўлгани ҳақида хабар берилганди.