Бухоро шаҳридаги мактабгача таълим ташкилоти раҳбари 400 доллар пора билан қўлга олинди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Жалолов хабар берди.
Таъкидланишича, ҳолат 2021 йилнинг 6 май куни Бош прокуратура ҳузуридаги департамент вилоят бошқармаси ҳамда Миллий гвардия бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда аниқланган.Бухоро шаҳридаги мактабгача таълим ташкилоти директори 54 ёшли Р.С. хизмат мавқейидан фойдаланган ҳолда икки нафар фуқарони 0,25 штат бирлигида тарбиячи вазифасига ишга қабул қилиш эвазига улардан 400 доллар талаб қилган. Боғча мудираси қизи орқали фуқаро М.Р.дан кимёвий ишлов берилган пулларни пора тариқасида олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Бухоро шаҳар мактабгача таълим бўлими мудири Абдураҳмон Ҳамроевнинг «Дарё»га билдиришича, фуқаро Р.С. мактабгача таълим ташкилотига 2018 йилдан бери раҳбарлик қилиб келган.
Мазкур ҳолат юзасидан Р.С.га нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми «в» банди (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)