«Таслим бўлманг» — бу қуйидаги таниқли кишиларнинг асосий шиори, чунки ҳозирда улар ҳаётларининг ҳар бир дақиқаларини саратон касаллигига қарши курашга сарфламоқда.

Валентин Юдашкин

2016 йилда таниқли моделерга буйрак саратони ташхиси қўйилди. Кейинчалик эса унинг бошида метастаз борлиги аниқланди. Таслим бўлишни истамаган Валентин ўша йилнинг кузида 20 кун ичида 4 та операция ўтказди. Москвадаги мода ҳафталиги кўргазмасида у янги соч турмаги билан жамоатчиликка кўриниш берди.

Фото: Persona Stars

2021 йилнинг февраль ойида моделер биринчи марта бошдан кечирган оғир касаллик ҳақида сўз очди. Юдашкин касаллик билан иложи борича бирга яшашга ҳаракат қилаётганини тан олди. «Бундай ҳолатни бошдан кечирган ҳар бир киши учун энг қийин нарса — бу кейинги текширувгача бўлган давр. Сиз ўзингизни руҳий жиҳатдан тайёрлайсиз, кейин яна уч ой эркин нафас оласиз. Сиз энди йиллаб эмас, балки кварталлаб яшайсиз. Бирор нарса қилиш учун вақт керак бўлганда ўзингизни чалғитасиз», — дейди Валентин Юдашкин.

Шеннен Доэрти

«Ҳаётимиз ташхис ҳақида билган дақиқамизда тугамайди. Бизнинг ҳам ҳали қиладиган ишларимиз бор», — деган эди Шеннен Доэрти саратон касаллигига қарши курашаётган бир пайтда. Актриса мунтазам равишда текширувлардан ўтган бўлса-да,  2020 йилда унда яна саратон касаллиги қайтганлиги маълум бўлган.

Фото: Getty Images

Бу сафар шифокорлар актрисага кўкрак бези саратонининг сўнгги босқичи ташхисини қўйишди. Гормонал ва мақсадли терапияга қарамай, Доэрти яқинлари билан хайрлашмоқчи эмаслигини тан олди. Актриса бутун кучини тикланишга сарфлаганини таъкидлайди. Шунингдек, у ҳаётида содир бўлган ҳар бир кичик нарсани ҳам қадрлашга ҳаракат қилади.

Шенненнинг ёнида турмуш ўртоғи доимо бирга, унга суянч бўлди. Доэртининг ўзи телевизион сериалларда иштирок этишга ва актёрликни давом эттиришга қатъий қарор қилди: «Одамлар мени кўриб, саратон касаллигининг сўнгги босқичида бўлган бошқа беморлар ҳам ишлай олиши мумкин экан деб ўйлашлари учун ҳам ҳар куни 16 соатдан ишлайман», — дейди актриса.

Анастасия Заворотнюк

«Менинг севимли энагам» телесериалининг юлдузи ўзига қўйилган ташхис ҳақида 2018 йилнинг августида, узоқ кутилган қизи Мила туғилгандан кўп ўтмай билган. Актриса қаттиқ бош оғриғидан қийналгани учун мутахассисларга мурожаат қилган. Улар кўплаб текширувлардан сўнг актрисага глиобластома ташхисини қўйишди. Бу миянинг энг тажовузкор ўсмаларидан биридир.

Фото: Getty Images

Ўша пайтда юлдузнинг қариндошлари ва ёрдамчилари қандай бўлмасин касаллик ҳақидаги ҳар қандай маълумотни рад этишди. «Булар шунчаки миш-миш, бунга эътибор беришингизга ҳожат йўқ. Настя ҳозир таътилда — боласи билан Италияда. Ўзини яхши ҳис қилмоқда. У сентябрда келади», — деган эди Заворотнюкнинг директори.

Актрисанинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эса унинг фотосуратлари янгиланишда давом этар, аммо мухлислар барча расмлар архив эканлигини пайқаб қолишганди. Заворотнюк узоқ вақтдан бери жамоатчилик олдида кўринмагани ҳам мухлисларини хавотирга солди. 2019 йилда Анастасиянинг оиласи актрисанинг чиндан ҳам касаллигини тасдиқлади. «Бизга ҳамдард инсонлардан у учун ибодат қилишдан ва яқинларининг касаллик тафсилотларини ошкор қилмаслик истагини ҳурмат қилишдан бошқа ҳеч нарса сўрамаймиз, бу шахсий масала», — дейишганди актрисанинг қариндошлари. Бугунги кунда Анастасия касаллик билан курашишда давом этмоқда. Бунда асосий ёрдамни унинг оиласи кўрсатмоқда.

Жефф Брижес

«Катта Лебовский» юлдузи Жефф Брижес 2020 йил октябрь ойида Twitter’да унда лимфатик тизимга таъсир қилувчи хавфли ўсма — ленфома аниқланганини эълон қилди. «Мен даволанишни бошлайман ва соғлиғим ҳақида хабардор қиламан», — деган эди актёр.

Фото: Persona Stars

Шунингдек, Жефф ўз яқинларига миннатдорлик билдирган пост ҳам ёзган: «Мен оилам ва дўстларимнинг севгиси ҳамда қўллаб-қувватлови учун улардан миннатдорман. Дуоларингиз ва яхши сўзларингиз учун ташаккур ... Меҳр-муҳаббат билан, Жефф». Айни пайтда актёр ҳақида батафсил маълумот йўқ, аммо бу жангда актёрнинг ғалаба қозонишига ишонишдан ўзга илож йўқ.