Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Суръат Икромов 76 ёшида Тошкентдаги уйида вафот этди. Унинг рафиқаси 3 май куни эрталаб соат 7 ларда Сурат Икромовнинг юраги уришдан тўхтагани ҳақида BBC News ўзбек хизматига маълум қилган.
Суръат Икромов 1945 йили Тошкент шаҳрида туғилган. Мутахассислиги бўйича радиоалоқа ва радиоэшиттиришларни эфирга узатиш бўйича инженер бўлган. У босмахонада ишлаган, фотомухбир сифатида суратлари газеталарда эълон қилинган.
Қайд этилишича, Суръат Икромов ўз фаолияти сабаб кўплаб таъқибларга учраган. Шунга қарамай, у Ўзбекистондаги инсон ҳақларини ҳимоя қилишда давом этган, ҳибсга олиш, дастлабки тергов, суд ва қамоқхоналардаги инсон ҳуқуқлари поймол этилиши ҳолатларини оммага ошкор қилиб келган.
Аввалроқ Косон прокурори ўринбосари 41 ёшида юрак хуружидан вафот этгани, Бош прокуратура жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими прокурори Самир Раҳмонов 33 ёшида вафот этгани, Ўзбекистоннинг Беларусдаги элчихонаси ходими коронавирус оқибатида вафот этгани, Ўзбекистон Қаҳрамони Ҳасан Нормуродов 82 ёшида оламдан ўтгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)