Учтом қишлоғи. Уч нафар миллий гвардиячи йигит худди шу ерда — қишлоқни босиб келган пўртанада оқиб кетган. Уч хил тақдир йўлига дуч келган улар: борса — келмас, борса — келиши гумон, борса — келар...
2020 йил 1 май куни Сардоба сув омборининг мудҳиш ҳалокати оқибатларини бартараф этишда қатнашган Миллий гвардиянинг уч йигити тақдири эртаклардан нусха олгандек гўё. Лекин бу эртак эмас: Ҳусниддин Суяров — қаҳрамонларча ҳалок бўлди; Ҳазрат Суюнов — сувда оққанича ғойиб бўлди, жасади ҳам топилмади, тириги ҳам; Санжар Ибрагимов — ўлим билан олишиб омон қолди.
Борса келмас йўлнинг охири қабр экан
Шаҳризода дадаси бир куни қайтиб келишига ишонади. Унга шундай деб айтишган. Аслида 5 ёшли қизалоққа ҳалок бўлган дадаси ҳақида савол бериш аҳмоқлик, шафқатсизлик. Лекин аёлга «Кичкинангиз сизга ўхшаркан» деганда «Мен эса дадамга ўхшайман» дея гапга қўшилиши кутилмаган ҳол бўлди; мавзуни буриб юборамиз.Нозима билан Ҳусниддин бор-йўғи беш йил бирга яшади. Ҳусниддин тўйдан аввал ҳарбийларнинг ҳаёти осон эмаслиги ҳақида айтганини Нозима яхши эслайди. Боёвутдаги икки ҳафталик келинлик хизматидан сўнг ёшлар Андижонга йўл олган — ўшанда Ҳусниддиннинг иши Андижонда эди. Кейин қизалоқ дунёга келган.
— Ишлари қийин эди, ҳар доим ҳам уйда бўлолмас эди. 10-15 кунлаб полигонларга чиқиб кетадиган вазиятлар бўларди. Ҳар доим тўлиб-тошиб келар, ҳеч қуруқ келмасди. Катта қизим ҳар доим югуриб олдига чиқарди, «дадажон» деб елкасига осиларди. «Қизим бўйнимга осилиб, ‘дадажон’ деганда ҳамма чарчоқларим чиқиб кетади», деб хурсанд бўларди, — сокин гапиради Нозима.
2020 йилнинг боши оила учун қувончли келган — водийдан қайтиб, Гулистон марказидаги ҳарбийлар учун қурилган янги уйга кўчиб ўтишган, иккинчи қизалоқлари дунёга келган. Унга Ҳусниддиннинг ўзи Шукрона дея исм қўйган, аммо қизчасини тўйиб бағрига ҳам босолмаган. Йигит оламдан ўтганида чақалоқнинг энди чилласи чиққан эди... Ҳусниддин 30 апрель куни навбатчиликка чиқиб кетганича уйга қайтмаган.
Ҳусниддиннинг Миллий гвардиядаги сафдошлари 1 май воқеаларини яхши эслайди. Сардоба сув омборининг тўғони ёрилгани ҳақидаги хабар ҳарбий қисмга соат 6:00 арафасида келиб тушган. Гвардиячилар Учтомга йўналтирилган. Уларнинг вазифаси аҳолини хонадонлардан чиқариш, ичкарида бирор жон қолишига йўл қўймаслик эди.
1-даражали сержант, Миллий гвардия Сирдарё вилоят бошқармаси ҳарбий қисм гуруҳ мутахассиси Асрор Палваязовнинг айтишича, аҳоли қишлоқдан чиқарилгач, сув тез кўтарилган.
— Ўзимиз сувда қолиб кетдик. Оқаётган сафдошларимизнинг олдига боришга имкон бўлмади. Уч йигитимиз дарахтга осилиб турганди. Тепасидан 1,5-2 метрлик қисми кўриниб турган дарахтни сув бир неча дақиқа ичида кўмиб қўйди. Шундан кейин улар уйнинг томига чиқишди. Сув бирдан кўтарилиб, йигитларимизни оқизиб кетди. Тўлқин ичида бир кўриниб, бир кўринмай, кўздан ғойиб бўлишди, — дейди уларни ўзи сув остига қолаётиб кузатиб турган ва ёрдам бериш имкони бўлмаган Асрор.
Ҳусниддиннинг жасади орадан уч кун ўтиб, 3 майда у ёрдамга борган Учтом қишлоғидан 5 километр узоқликдаги пахта даласидан топилган... Эркак йиғламасин экан — отаси Зокир ака унга машъум хабар етказилган кунни кўз ёшисиз гапиролмайди.
— Ёшлигидан хушчақчақ бола эди. Ҳарбий тизимга қизиқарди. Шу тизимга ишга кирди. Андижонда 10 йилдан ортиқ ишлади. Қўқонда ишлади. Сержантлик ўқишларини битириб, ўзимизнинг Сирдарё вилоятига келганига энди уч ойдан ошганди. Халқимизга, юртимизга хизмат қилиб кетди. Қасамёдига содиқ қолди, — дейди у.
Ҳусниддиннинг фарзандлари улғаяётган уйда ҳам, қишлоғидаги ота уйида ҳам суратлари катталаштирган ҳолда кўзга ташланадиган жойларга илиб қўйилган. Ҳарбий формаси ҳам илгакда, дазмолланган, худди ҳозир кийиб, ишга чиқиб кетадигандек. Ҳусниддиннинг онаси Зулфия опа боласи 10 йил узоқда ишлаб, энди олдиларига келганда қанчалар қувонганини эслайди.
— Ҳали дийдорига ҳам тўйганим йўқ эди. Иккита гўдак қизи қолди, дадалаб. Қанча умидлари бор эди. Она, энди яқинингизга келиб қолдим, ўртоқларим билан ўтиришларга бораман, тўй-маъракаларга аралашаман энди, деб қувонч билан гапирганди ўғлим, — деб йиғлаб-йиғлаб гапиради она.
Умр йўлдошининг вафотидан сўнг қаттиқ тушкунликка тушган Нозима фарзандлари учун ўзини қўлга олган.
— Ҳарбий хизматчини ҳеч қачон ташлаб қўйишмас экан... Моддий томондан қанча ёрдам керак бўлса, ҳаммаси ишхоналари томондан бериляпти. Миллий гвардияга, президентга раҳмат айтаман. Ҳар доим, ҳар вақт кўмаклашиб туришибди, — дея миннатдорлик билдиради аёл.
Ҳусниддин Суяров ўлимидан сўнг «Жасорат» медали билан мукофотланди, у туғилиб улғайган «Анорзор» маҳалласидаги кўчаларнинг бирига Ҳусниддин Суяров номи берилган. Унинг номи ўзи ўқиган мактабга қўйилиши, мактаб олдига бюсти ўрнатилиши режалаштирилган. Маълум қилишларича, Ҳусниддиннинг ўлимидан кейин унинг икки укаси Миллий гвардия сафида иш бошлаган.
«Қабри йўқ ўғлонга тутдилар аза»
Нурота туманидаги Чашма қишлоғи ҳақида эшитмаганлар кам бўлса керак. Тоғ тизмалари аро ястаниб ётган ям-яшил майдонлар, мусаффо ҳаво, бой тарихга эга «Чашма» тарихий-меъморий булоқ ҳовузи — ҳаммаси бир-бирини тўлдираётгандек. Ҳазратнинг болалиги шу Чашмада кечган. Дастлаб тумандаги 10-мактабда бўлдик — Ҳазрат худди шу ерда савод чиқарган.Мактаб директори Муборак Бафоева айнан Ҳазрат Суюнов ўқувчилик вақтида ўтирган партада ўтириб, ўқувчисини хотирлайди.
— Ҳазрат мактабимиз фахри эди. У барча фанларни аъло ўзлаштириши баробарида жисмоний тарбия ва спортда ҳам яхшигина натижаларга эришган. Ўзи болалигидан педагог бўлишни орзу қилган, бироқ онаси доимо ўғлининг ҳарбий бўлишини, ҳарбий форма кийишини жуда-жуда истаган. Шу туфайли Ҳазрат ҳарбий соҳага шу қадар қизиқдики, спорт унинг ҳаётининг бир бўлагига айланди. Ёшлигидан чиниқди, тобланди. Тоғда ўсган бола-да, ҳар куни икки елкасига қум тўлдирилган иккита халтани ортган ҳолда 25-30 метрча баландликка югуриб чиқар ва яна ўша юк билан бир маромда пастга тушарди, — дейди директор хоним.
Муборак Бафоеванинг айтишича, Ҳазрат Суюнов 2017 йили Навоий давлат педагогика институтининг Географияни ўқитиш методикаси факультетини тамомлаб келгач, директор уни мактабга ишга таклиф қилган. Аммо у ҳали ҳам ҳарбий бўлиш иштиёқида эканини билдирган. Шундан сўнг Ҳазрат Суюновнинг ишга жойлашиши учун Ички ишлар, Қуролли кучлар ҳамда Миллий гвардия бўйича ҳужжатлар тайёрлашган.
— Онасини эрта йўқотгани учунми, меҳрга ташна эди. Ҳазратжон билан худди она-боладек соатлаб суҳбатлашардик. У қайси йўналишда бўлса ҳам Ватанга хизмат қилишим керак дерди. Менинг унга тан берганим, Ҳазрат учала ҳарбий йўналишда ҳам топширган ҳужжатлари ишга қабул тариқасида тасдиқланди. Аввалига ички ишлар тизимига ишга қабул қилингани бўйича хабар келди. Айни бир вақтда Миллий гвардия тизимида ҳам ишга қабул бўйича ҳужжатлари тасдиқлангани аён бўлди. Ҳазрат қувонч билан Миллий гвардияни танлаганди.
Умуман олганда, Ҳазратнинг ҳаёти ҳар йигит ҳавас қилса арзигулик эди — истаган ишига эришди, уйланди, фарзандли бўлди. Бахтли эди, аммо Сардоба сув омборидаги техноген офат ҳаммасини чилпарчин қилди.
Ҳазратнинг отаси Каромат ака ҳам юқорида тилга олинган мактабда ўқитувчи. Ўша оғир кунларда бутун мактаб жамоаси у билан бирга, дардкаш бўлди, йигитнинг топилишига умид билдириб, дуолар қилди. Бугун отанинг ҳасратларидан тоғлар қулагудек.
— Ўғлим катта бўлганида ҳам бўйнимга осилиб, қучоқлаб оларди. У билан гаплашсам, умримнинг кемтик қисми тўлгандек бўларди. Энди истаган пайтим ўғлим билан гаплаша олмаслигимни, уни бағримга боса олмаслигимни ўйласам, юрагим орқага тортиб кетади. Аллоҳдан ўзимга сабр сўрайман. Ўз ишига пухта ва ҳамиша интилувчан ўғлим ортидан болалигидан раҳматлар эшитганман. Шеъриятга ҳам жуда иштиёқи баланд эди. Командирлари ҳам ўғлимни исми биланмас, «шоир» деб чақиришар экан. Ҳар куни ҳолимни сўраб, қўнғироқлашиб турадиган ўғлим билан ўтган йил, 30 апрелдаги суҳбат охиргиси бўлди. У ўша кун навбатчиликда қолишини айтганди, — дейди ота.
Эртасига эса ижтимоий тармоқлар ва телеканалларнинг бош мавзусига айланган Сардоба тошқин отанинг кўнглига ғашлик солган. Ўғлидан дарак бўлмаган, у отасига қўнғироқ қилмаган. Кечки пайт келини Шоҳиста қўнғироқ қилган — эрининг ишхонасидан биров келиб, унинг навбатчиликда экани, бу оқшом уйга келолмаслигини айтиб кетган.
— Ижтимоий тармоқлар Сардобадаги ҳолат бўйича хабарларда сув тошқинида бир неча миллий гвардиячи оқиб кетгани, улар орасида бедарак йўқолгани ҳам борлиги ҳақида бонг уряпти. Шунда кўнглимдан «Ҳазрат ўғлим ҳам барибир борган, аммо у чаққон, тошқиндан қутулиб чиқади, албатта», деган ўй ўтди. Шу пайт маҳалладан телефон бўлиб, мени нотаниш одамлар сўраб келганини, уйга қайтишим кераклигини айтишди. Келсам, эшик олдида Миллий гвардия бошлиғи, туман ҳокими, ички ишлар ва бошқа орган вакиллари, — оғир хўрсинади ота.
Ота ўғлининг тошқин вақти йўқолгани ҳақида биринчи марта шу ерда эшитган. Эртасига Сирдарёга йўл олган. У билан бирга қарийб 20 нафар чашмалик Ҳазратни қидириш учун йўлга чиққан. Ҳазратни унинг юзлаб, минглаб сафдошлари излаганига ота ва унинг ҳамроҳлари ҳам гувоҳ бўлган. Кеча-кундуз, ҳафталаб, ойлаб, ҳатто Қозоғистонда ҳам излашди Ҳазратни... «Афсус, ҳеч йўғи жасади ҳам топилмади», — дея оғир хаёлга чўмади Каромат ака.
Ота ўғлининг сафдошлари сўзлаб берган хотираларга таяниб ҳикоя қилишича, Ҳазрат билан бирга сувда уч нафар миллий гвардиячи оқиб кетган, улар сувда оқиб юрган уй томидан паноҳ топмоқчи бўлган, кейин қандайдир дарахт шохларини ушлаб туришган.
— Сув катта тезликда оққан, устига-устак, муздек бўлган. Ўғлимнинг қўллари толиққанми, дарахтни қўйиб юборишга мажбур бўлган ва 20 метрча нарига сузиб кетган. Сафдошининг айтишича, у шу ҳолатда, чамаси, уч метрдан ҳам баланд бўлган бетон лотокка тирмашиб чиқишга уринган. Бироқ лотокнинг сирпанчиқлиги туфайли уни ушлашнинг имконини қилолмаган. Шу пайтда кутилмаганда яна ҳам катта тезликда келган тўлқин ўғлимни суриб, олиб кетган. Шу билан ўғлимни қайтиб кўришмаган. Ўғлимни қидириш учун Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан миллий гвардиячилар жалб этилди. Излашди, аммо топилмади, — дейди Каромат Ширинов.
Ҳазрат Суюновнинг турмуш ўртоғи Шоҳиста Бекназарова эса ҳали ҳам эрининг тириклигига ва бир куни уйга кириб келишига умид қилмоқда. «Ахир бир бегуноҳ одам қандай қилиб йўқ бўлиб қолади?», дейди у.
— Икки йил яшаган бўлсак, доим биз бахтли бўламиз, мен сени ҳеч қачон ташлаб кетмайман, сени ҳаммадан бахтли қиламан, дерди Охирги марта 30 апрелда кечқурун телефон қилиб, «Шоҳиста, боряпман» деди. Ширинлик пиширгандим, «Олиб чиқ» деди. Бироз еди. «Юр, мени пастгача кузатиб қўй, ўғлим қани?» дея сўради. Ўғлимиз ухлаётганини айтдим, ўзим эса уни кузатдим. Ҳазрат акам йўлда кетаётиб ҳам мен билан телефонда узоқ гаплашди. «Яна телефон қиламан!» деди. Бу Ҳазрат акамнинг охирги қўнғироғи ва менга айтган охирги гапи эди. Бир кун келиб қолар, — дейди кўз ёшлари юзларини юваётган келин.
Миллий гвардия Навоий вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи, подполковник Темур Нурмаматовнинг сўзларига кўра, Ҳазрат Суюнов хизматда ҳар доим жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарликларда пешқадам бўлган, кетма-кет ютуқларга эришган. Бедарак йўқолганидан сўнг, 2020 йил декабрь ойида, президент фармонига асосан, «Жасорат» медали билан мукофотланган.
— Қуролли кучлар жанговар қудратига қўшган ҳиссаси учун Ҳазрат Суюновнинг рафиқаси Шоҳиста Бекназаровани тизимда иш билан таъминлаш имкони изланяпти. Шунингдек, фарзанди келажаги учун уни уй-жой билан таъминлаш ҳаракатлари ҳам бошланяпти. Қаҳрамоннинг оиласи, фарзанди ва яқинлари ҳолидан доимий равишда хабар олинмоқда, — дея қўшимча қилди Темур Нурмаматов.
Айтишларича, жорий ўқув йилида Ҳазрат Суюнов таҳсил олган мактаб тўлиқ реконструкция қилинади ҳамда мактабга қаҳрамон номи берилади. Унинг хотирасини абадийлаштириш учун яна бошқа бир қатор чора-тадбирлар белгиланган.
Тирик қолиш дарди
Санжар — ажал билан юзлашган уч йигитнинг омон қолгани. У энди ўзи билан оғир юкни, оғир дардни олиб юради. У командир эди. Кўз олдида, тўлқин ичида йўқолган йигитлар унинг шогирдлари эди...«Баъзида ўйлаб қоламан — мен ҳам шулар билан бирга кетишим керакмиди...», — деб ғамга ботади у.
Санжар Ибрагимов асли самарқандлик, ҳозирда оиласи билан Самарқандда яшайди, ҳарбий қисм жанговар таъминот отряди командири. Ўшанда онаси: «Ишинг шунақа бўлса, йиғиштир буни!», деган. Она-да! Лекин Санжар йиғиштирмади.
Аммо хотиралар уни ҳамон қийнайди. Учтом қишлоғига кириб боргандаги лаҳзалар кечагидек ёдида. Сув тиззагача кўтарилган бир маҳал улар гуруҳларга бўлиниб иш бошлаган.
— Асосий вазифамиз аҳолини хавфсиз жойга кўчириш эди. Одамлар саросимада эди. Уйдан чиқмоқчи, лекин на чиқишни, на қолишни билади. Уларга бирма-бир тушунтириб, техникаларга миндириб, эвакуация қилдик. Кексалар ва ногиронларни машиналаргача ўзимиз кўтариб чиқарардик, — деб эслайди Санжар.
Унинг айтишича, у сув жуда кўтарилиб кетиши мумкинлигини тасаввур ҳам қилмаган: «Тахминан, бир соатлардан кейин сув бўй баравар бўлиб қолди. Уч киши бўлиб охирги хонадонни текшириб бўлдик — ҳеч ким қолмаган. Шу вақт сув бирданига кўтарилиб кетди».
Санжар ва бошқа гуруҳдаги йигитларнинг айтишича, аҳолини эвакуация қилиб бўлганлари ҳамон вазият кескинлашиб кетган. Аслида улар олти киши бўлган. Гуруҳдаги уч кишини вертолёт олиб кетган. Қолган учовлон эса вертолётга қараб суза бошлаган.
— Биринчи Ҳазрат кетди. У сув оқимига тушиб қолди. Мен уни қутқаришга интилиб, тўсин билан дарахтни учига олиб келдим. Дарахтни устига чиққанимиздан кейин орқамдан Ҳусниддин келди. Уни ҳам тортиб олиб, дарахтни учига чиқариб олдим. Учаламиз 5-10 дақиқа дарахт учида турдик.
Санжарнинг сўзларига кўра, сув охири дарахтни ҳам кўмган. Кейин улар сув оқимига тушиб, сувда оқиб келаётган том устига чиқиб олишган. Сафдошлари билан ўтган сўнгги лаҳзалар Санжарнинг кўз олдида муҳрланиб қолган: Ҳусниддин сокинроқ, Ҳазрат эса бироз тушкунликка тушган.
— Ёшлиги сабабми ё кўнгли сездими, Ҳазрат тушкун эди. Фарзанди энди туғилган, олти ойлик эди, шекилли. Қўлидан ушлаб: «Ҳазрат, ҳаммаси яхши бўлади, ўзингни тинчлантир, чуқур-чуқур нафас ол» деб тинчлантиришга ҳаракат қилдим. Ўшанда айтган гапи эсимдан чиқмайди, менга қараб: «Ўртоқ капитан, мени қўйворманг», деди. «Сени ушлаб турибман», дедим... Хизматга келганига ҳали бир йил бўлмаганди. Лекин мард, жасур йигит эди,.. — хотиралари жонланади Санжарнинг.
Тошқин бузиб кетган уй томи, тўлқинлар ичида қалқиб бораётган том ҳам уларга мадад бўла олмаган. Навбатдаги зарбли тўлқин қўлларни ҳам айирди, йўлларни ҳам...
Шундан кейин Санжар қарийб уч соат бир қўли билан тасодифан йўлиққан пўкакка осилганча, иккинчи қўли билан сузиб, қаёққадир чиқиб қолган. Кимларнингдир телефонини сўраб, раҳбариятга ахборот берган. Ва... яна қутқарув ишини давом эттирган.
«Ўша фалокатдан юрагимда бир чандиқ қолди», дейди у. Бошқа қутқарув гуруҳларидаги гувоҳларнинг ҳикоялари, видеотасвирлар, қолаверса, Санжарнинг ўз хотиралари унинг ўзи ҳам ҳалок бўлишига бир бахя қолганига ишора қилади. Лекин йигит доимо изтиробни ҳис этади.
«Ўшанда нима қилсам уларнинг ҳаётини сақлаб қолган бўлардим? Нима хато қилдим ўша ерда? Нимага шунақа бўлди? Шу саволлар тинч қўймайди. Фарзанд, ота сифатида тирик қолганим яхши бўлгандир, лекин сафдош сифатида... қийин, қийин бу нарсани тушунтириш... Агар бирортаси уларга қурол тираб турганида, уларни қутқариш учун қалқон бўлиб туриб берардим. Лекин бу табиий офат эди», — дея баттар эзилади у.
Ҳусниддин Суяров сирдарёлик гвардиячилар сафига яқинда қўшилган бўлса-да, Санжар Ибрагимовнинг айтишича, жамоада ўз ўрнини топиб улгурганди. Ҳазрат Суюнов билан эса яқин дўст бўлишган, умумий жиҳатлари кўп, масалан, иккиси ҳам бирин-кетин туғилган ўғилларига Шавкат деб исм қўйган. Ҳазратнинг бир кун топилишига Санжар ҳам умид қилади. Ҳатто бир куни туш ҳам кўрибди: Ҳазрат костюм-шимда, дарахт соясида ўтирган эмиш, Санжар унинг ёнига бориб «сени излаб юрибмиз» дермиш.
Самарқандда Санжар ҳақида фақат яхши гаплар юради. Унинг ўй-хаёлларидан бохабар инсонлар барча саволларига битта сўз билан «Тақдир!» деган сўз билан жавоб беради... Санжар Ибрагимов «Мардлик» ордени билан тақдирланган — унинг ҳаёт йўли бундай эъзозга арзийди.
Мавзуга доир: «Синфдош қизларнинг бари Шукрона бўлмаса эди ҳали». Тақдирига Сардоба сув тошқини таъсир кўрсатган чақалоқлар
«Унутишга ҳаққимиз йўқ»
Халқ депутатлари Сардоба туман кенгаши депутати Хадича Бўрибоева Учтом қишлоғи фаолларидан. Ўтган йили 1 май куни унга ҳам биринчилардан қўнғироқ бўлган.— 800 дан ортиқ аҳолини қандай чиқарамиз деб ўйлаб турган пайтимиз Миллий гвардия етиб келди. Ичкарига югуриб кириб, аҳолини огоҳлантириш, уларни олиб чиқишда катта ёрдам берди. Йигитлар трактор борми, тиркама борми, эшак-арава борми, енгил машина борми, ҳамма уловга аҳолини чиқариб, жойлаштираверди. Сув том бўйи, томни ҳам ёпган паллада бир йигитимиз томда қолиб кетди. Миллий гвардия йигитлари уни қутқарди. Ана шу йигитларнинг ҳаракати билан аҳоли ўртасида талафот бўлмади, — дейди Бўрибоева хоним.
Депутат уларнинг қишлоқларида миллий гвардиячи йигитлардан бирининг ҳалок бўлгани, бошқаси дараксиз йўқолганидан афсусда эканлигини айтади. «Қишлоқдошларим Ҳусниддин ва Ҳазрат жасоратини ҳеч қачон унутмайди», — дейди у.
Сафаримиз чоғи «Учтом» маҳалла фуқаролар йиғини идораси олдида қаҳрамон йигитлар хотирасини абадийлаштириш учун ёдгорлик пойдевори қуйилаётганига гувоҳ бўлдик. Учала қаҳрамонни ҳам яхши билган, улар билан бир сафда хизмат қилган подполковник Матҳиддин Раҳимов ушбу ёдгорликни ўрнатиш ташаббускорларидан бири.
— Аҳолини чиқариб бўлгандан кейин сув бирданига кўпайиб кетди. Афсуски, Ҳусниддин Суяров ва Ҳазрат Суюновни ўша куни йўқотдик. Ҳусниддиннинг қабри бор, жаноза ўқилди, қабрга қўйдик бирга; Ҳазратнинг эса қабри йўқ, тириги ҳам, ўлиги ҳам топилмади. Уни ҳалок бўлди деб ишониш ҳам қийин. Мана шу икки йигитнинг хотирасига монумент қўйишга киришдик. Тўғри, бу билан биз ота-оналарига уларнинг тиригини топиб беролмаймиз, — дейди Матҳиддин изтироб билан.
Матҳиддин ҳам, формани вақтинча ечиб қўйиб бел билан цемент қораётган бошқа гвардиячилар ҳам икки сафдошлари ёдини унутмасликларини таъкидлашди. Йиллар ўтар. Қачонлардир, кексайганда, Мадҳиддинлар, Санжарлар, Асрорлар-у Фахриддинлар, Музаффарлар қаҳрамон сафдошлари ҳақидаги воқеаларни набираларига сўзлаб беришар. Сувда оққан қаҳрамон йигитлар кечмиши келажак авлодларга эртак бўлиб туюлса ажаб эмас.
Муаллифлар: Мустаҳкам Тангриёрова, Мусулмонбек Иброҳимов, Лайло ҲайитоваОператорлар: Шаҳбоз Озодов, Муҳаммадсаид Абдуқаҳҳоров, Обиджон АҳмедовМонтаж усталари: Шаҳбоз Озодов, Муҳаммадсаид АбдуқаҳҳоровВидеоконтент муҳаррири: Дилшод ШариповСуҳбатларни матнга кўчирди: Миролим ИсажоновМуҳаррир: Асрор Абдуназаров
Изоҳ (0)