Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Тошкент шаҳри футбол бўйича Осиё Чемпионлар Лигаси шарқий минтақасининг марказлаштирилган тизимда ўтказилаётган гуруҳ босқич учрашувларини ўзида қабул қилиши мумкин.

Фото: ОФК

Фото: ОФК

ОАВда Тошкент шарқий минтақадаги иккита гуруҳ ўйинларига мезбонлик қилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Бунга ПФЛ бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев ўз изоҳини бериб ўтди. ПФЛ раҳбарининг таъкидлашича, ҳақиқатда Тошкент мезбонлик учун ўз номзодини қўйган, бироқ иккита гуруҳ эмас битта гуруҳ ўйинларини ўзида ўтказишга тайёрлигини билдирган.

Бу масалани бир неча ҳафтадан буён муҳокама қиламиз. Унга кўра, биз фақатгина битта гуруҳ учрашувларини қабул қилишимиз мумкин. Шунда ҳам ўйинлар «Локомотив», «Бунёдкор» ва «Жар» стадионларида ўтса. Чунки «Пахтакор» ва «ОКМК» Чемпионлар Лигасида ўйнади, уларнинг қолдирилган учрашувлари бор. Юқоридаги уч стадион вариантида эса фақатгина «Бунёдкор» — «Қизилқум» ўйини кетма-кетлигини алмаштирсак бўлди. Яъни биринчи учрашув Навоийда ўтади, кейин «Қизилқум» кузда Тошкентга келади.

Бироқ бунга жамоалар — «Локомотив», «Бунёдкор», «Олимпик» ҳам рози бўлиши керак. Бир тарафдан улар стадионлар учун пул ишлаб олади. Қолаверса, меҳмонхоналаримиз ҳам катта делегацияни қабул қилиш имкониятига эга бўлади. Мутахассисларимиз учун халқаро тажриба тайёр. Аммо икки гуруҳ бизни қийнаб қўяди. Чунки ўйинлардан ташқари машғулотлар ҳақида ҳам ўйлаш лозим.

Бундан ташқари учрашувлар трансляцияси масаласини ҳам пухта ўйлаш керак бўлади. Иккита гуруҳ учрашувларини трансляция қилиш қийин масала. Ўзимизнинг Суперлига ташқарида қолиб кетишидан манфаатдор эмасмиз. Чунки бизнинг ҳам ҳомийлар билан келишувларимиз бор. Бунда ОФК трансляция техникасини Ўзбекистонга алоҳида олиб кирадими ёки МТРК, UzReport каби каналларга суянадими, бизда маълумот йўқ.

Аслида биз Чемпионлар Лигасининг ўзимизнинг клублар иштирок этмайдиган мусобақасидан кўра, ўз клубларимиз иштирок этадиганини қабул қилганимиз яхши эди. Аммо «Пахтакор» мезбонликни истамади. Мезбонликни истаган «Насаф» варианти эса ОФК томонидан мақбул кўрилмади, ОФК кубоги Тожикистонга берилди.

Диёр Имомхўжаев, ПФЛ раҳбари

Маълумот учун, ОЧЛ—2021 мусобақасининг гуруҳ босқич ўйинлари коронавирус сабаб марказлашган тизимда ўтказилиши белгиланди. Ғарбий минтақанинг гуруҳ босқичи 14—30 апрель кунлари бўлиб ўтди. Унда «Пахтакор» Шаржада (БАА), «ОКМК» эса Ар-Риёдда (Саудия Арабистони) ўз ўйинларини ўтказди. Шарқий минтақа гуруҳ босқич ўйинлари эса 21 июндан бошланиши режалаштирилган.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!

Изоҳ
Асосий янгиликлар