Президент Шавкат Мирзиёев 1 май куни Тошкент вилоятининг Қибрай туманида барпо этилаётган боғ ҳудудига ташриф буюргани ҳақида хабар берилганди. Президент матбуот хизматининг, хабар қилишича, у ерда «Янги Ўзбекистон» номли боғ барпо этиш ишлари бошланган.
Шу муносабат билан бу ерга парламент ва ҳукумат аъзолари, Тошкент шаҳри жамоатчилиги, нуронийлар, илм-фан ва санъат вакиллари, спортчилар, ёшлар йиғилди.
«Бугунги муборак Рамазон кунларида сизлар билан кўришиб турганимдан хурсандман. Халқимиз учун муносиб шароитлар яратиш бўйича кўп ишларни бошлаганмиз. Худо хоҳласа, мана шу баҳаво жойда 104 гектарлик боғ барпо этмоқчимиз. Бу хайрли ишнинг бошланиши ҳозирги улуғ айём кунларига тўғри келгани ҳам ҳосиятли, деб ўйлайман», – деди Шавкат Мирзиёев.
Янги боғ нафақат манзараси, ландшафти, балки мазмуни билан ҳам алоҳида эътиборга молик. Боғнинг умумий кўриниши худди улкан дарахтнинг бешта шохи шаклида бўлади. Таъкидланишича, бу Ҳаракатлар стратегиясининг бешта устувор йўналишини ифодалайди.
Боғни оддий парк эмас, энг аввало, юксак маданият ва маънавият масканига айлантириш мақсад қилинган. Бу ерда одамлар табиат қўйнида осуда дам оладиган сўлим ҳудудлар яратилади. Каштан, эман, чинор, лола, липа боғлари барпо этилиб, ноёб манзарали дарахтлар, буталар ва гуллар экилади. Сунъий кўл, спорт майдонлари, болалар ўйингоҳлари, фавворалар қурилади.
Маълум қилинишича, Мустақилликнинг 30 йиллигига бағишланган Истиқлол мажмуаси ҳам шу ерда барпо этилади. «Gazeta.uz»нинг Қурилиш вазирлигига таяниб хабар қилишича, бу мажмуа Тошкент шаҳридаги «Мовий гумбазлар» хиёбонида қурилиши керак бўлган айни мажмуанинг ўзи.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб «Истиқлол» мажмуасини қуриш ва унда «мустақилликнинг моҳияти ва улкан тарихий аҳамиятини акс эттирувчи монументал композиция»ни яратиш Президентнинг 2020 йил 17 декабрдаги фармонида кўзда тутилган эди. Мажмуани барпо этиш жойи сифатида Шароф Рашидов, Ислом Каримов ва Афросиёб кўчалари оралиғида, Марказий универмаг (ЦУМ) қаршисидаги ҳудуд танланганди.
Кейинроқ пойтахт ҳокимияти «Истиқлол» мажмуаси қурилиши режалаштирилаётган жойни ўз ичига олган «Мовий гумбазлар» хиёбони макетини тақдим этди. Макетда боғ ҳозирги ҳолатда тасвирланган бўлиб, фақатгина стелла ўрнатилиши кўзда тутилган.
Жаҳонгир Ортиқхўжаев «Истиқлол» мажмуасини барпо этиш масаласи юзасидан аҳоли билан учрашгани ва боғдаги бир дона дарахт кесилса, ўша куниёқ лавозимидан кетишга тайёрлигини маълум қилган эди. Шунингдек, пойтахт раҳбари Тошкент шаҳар ҳокимлигига ишончсизлик билдираётганларга жавоб қайтарганди.
Изоҳ (0)