Афғонистонда бомба ўрнатилган автомобилнинг портлаши оқибатида, тахминан, 30 киши қурбон бўлди, энг камида 60 киши жароҳатланди. Бу ҳақда «Korrespondent.net» хабар берди.

Фото: EPA

Портлаш Логар вилоятининг маъмурий маркази ҳисобланган Пули-Алам шаҳрида содир бўлди. Дастлабки маълумотларга кўра, машина шифохонанинг ёнида портлатилган.

Аввалроқ Афғонистоннинг Вардак вилоятида вертолётнинг қулаб тушиши оқибатида тўққиз киши ҳалок бўлди. Хабарга кўра, ҳалок бўлганлар орасида тўрт нафар экипаж аъзоси ва беш нафар ҳарбий хизматчи бўлган.

Шунингдек, Tolo News агентилиги Кобулда ичида ҳукумат ходимлари бўлган автобуснинг портлаши оқибатида камида тўрт киши ҳалок бўлиб, ўн тўрт киши яралангани ҳақида хабар берди.

Маълумот учун, Америка ҳарбий қўмондонлиги 29 апрель куни АҚШ қўшинларини Афғонистон ҳудудидан олиб чиқишни бошлаб юборди.

Шимолий Атлантика Иттифоқи (НАТО) штаб-квартираси аппаратининг вакили ҳам мазкур ташкилотнинг ҳарбийлари ҳам Афғонистондан чиқиб кетишни бошлаганини маълум қилди.