«Дарё»ни Telegram’да ўқинг! Join!
22:45, 27.04.2021 61053

Самарқандда ЙПХ инспекторлари фуқарони куч ишлатиб, хизмат машинасида олиб кетгани акс этган видео бўйича расмий изоҳ берилди

Ижтимоий тармоқда 27 апрель куни «Пахтачида ЙПХ ходимлари фуқарони уриб, олиб кетишмоқда» сарлавҳаси остидаги видеолавҳа тарқалди. ЙҲХББ матбуот хизмати видеода акс этган ҳолатга изоҳ берди.

Маълум қилинишича, ҳолат  26 апрель куни соат 18:30 ларда Самарқанд вилояти, Пахтачи туманида содир бўлган. Инспекторлар туманнинг «Миркан» МФЙ ҳудудидан ўтувчи автомобиль йўлида хизмат олиб бораётганида Damas ҳайдовчиси транспорт воситасини шубҳали бошқариши уларнинг эътиборини тортган.

ЙПХ ходимларига яқинлашган вақтда тўсатдан ортга қайтиб олиб ҳаракатланган. Ходимлар ҳайдовчининг ортидан кузатиб борган. Ҳайдовчини тўхтатиш чоралари кўрилиб, ЙПХ ходимлари ҳайдовчи билан ўзаро мулоқот қилган вақтда ҳайдовчининг оғзидан спиртли ичимлик ҳиди келган ва текшириш мақсадида тиббий кўрикка таклиф этилган. Мастлиги тасдиқланса, чора кўрилишини билган ҳайдовчи ходимларга фаол қаршилик кўрсатган.

Тиббий кўрик хулосасига кўра, ҳайдовчининг мастлик ҳолати тасдиқланиб, унга нисбатан белгиланган тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилган ва Damas автомобили вақтинча сақлаш учун жарима майдонига жойлаштирилган.

Аввалроқ Тошкент вилоятида ЙПХ инспекторига қаршилик кўрсатган Malibu ҳайдовчиси 5 суткага, Damas ҳайдовчиси эса 10 суткага қамалгани ҳақида хабар берилган эди.

Мавзуга доир: Тошкентда ИИББ ходимлари аёлларни куч ишлатиб, хизмат машинасига ўтқизаётгани акс этган видео бўйича расмий изоҳ берилди

Бошқа янгиликлар