Ҳиндистонда COVID-19 билан кунлик касалланиш сони кетма-кет тўртинчи кун рекорд даражага етди: мамлакатда ўтган бир суткада 349,6 минг кишида инфекция аниқланди. Бу пандемия бошланганидан бери бир мамлакатда бир кунда аниқланган коронавирусга чалиниш ҳолатининг максимал сони, деб ёзмоқда «РБК».

Фото: Reuters

«Ҳиндистон ‘коронавирус бўрони’дан ларзага келмоқда», — деди бош вазир Нарендра Моди. Касалланиш сонининг кескин ортиши муносабати билан у барча фуқароларни эҳтиёт бўлишга ва эмланишга чақирди.

Reuters ҳисоб-китобларига кўра, Нью-Деҳлида ҳар тўрт дақиқада бир киши коронавирусдан вафот этмоқда. Бутун мамлакат бўйича ҳар куни COVID-19’дан 2 мингга яқин ўлим қайд этилмоқда, аммо норасмий статистика бундан беш-ўн баравар кўп бўлиши мумкин. Meduza хабарига кўра, Деҳли ва бошқа шаҳарларда вафот этаётганлар шу қадар кўпки, уларнинг жасадларини кечаю кундуз кўчада ёқишга тўғри келмоқда. Кўча крематорияси ишчиларидан бири ушбу ҳолатни худди уруш кетаётганга ўхшайди, дея таърифлаган.

Фото: Hindustan Times

Фото: Reuters

Фото: Reuters

Фото: Reuters

Вирусологларга таяниб, Reuters коронавируснинг янги, «ҳиндча» тури мавжуд вазиятни келтириб чиқараётган бўлиши мумкинлигини ёзди. Ушбу штамм Швейцария ва Чехияда ҳам аниқланган.

АҚШ Ҳиндистонга дори-дармон ва коронавирусни аниқловчи тезкор тестлар ҳамда вакцина ишлаб чиқариш учун хом ашё етказиб бермоқчи.

Оқ уй веб-сайтида айтилишича, АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан ҳиндистонлик ҳамкасби Ажит Довал билан инфекция тарқалишига оид вазиятни муҳокама қилган.

«Пандемия бошланганда, касалхоналаримиздаги вазият кескин бўлганда Ҳиндистон АҚШга ёрдам юборгани каби АҚШ ҳам Ҳиндистонга оғир пайтда ёрдам беришга тайёр», — дейилади Оқ уй баёнотида.

Салливан ҳамкасби билан суҳбатда Ҳиндистон билан бирдамлигини билдирди. Хусусан, АҚШ мамлакатни дори воситалари, тезкор диагностика тўпламлари, сунъий нафас олдириш аппаратлари ва шахсий ҳимоя воситалари билан таъминламоқчилигини маълум қилди. Вашингтон, шунингдек, Ҳиндистонда AstraZeneca инглиз-швед компанияси томонидан ишлаб чиқариладиган Covishield вакцинаси учун хом ашё билан таъминлайди. Бундан ташқари, Америка Ҳидистонга кислород тизимларини етказиб бериш имкониятларини кўриб чиқмоқда.

Шунингдек, Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен Европа Иттифоқи мисли кўрилмаган COVID-19 тўлқинини бошдан кечираётган Ҳиндистонга дарҳол ёрдам беришга тайёрлигини айтди.

Унинг сўзларига кўра, Брюссель Ҳиндистоннинг талабига жавоб беришда Евроиттифоқнинг умумий фуқаролик муҳофазаси механизмидан фойдаланади. Ушбу механизм Евроиттифоқ мамлакатларига фавқулодда ҳолатларда ўз ҳаракатларини мувофиқлаштиришга имкон беради.

Инқирозларни бошқариш бўйича Европа комиссари Янез Ленарчичнинг таъкидлашича, иттифоқ мамлакатлари Ҳиндистонга кислород ва дори-дармон етказиб беришни бошлаган. Германия канцлери Ангела Меркель унинг ҳукумати ҳам Ҳиндистонга ёрдам пакетини тайёрлаётганини маълум қилди.

The New York Times хабарига кўра, коронавируснинг иккинчи тўлқини ва касалхонага ётқизилган беморлар учун зарур бўлган кислород танқислиги фонида Ҳиндистон ҳукумати Facebook, Instagram ва Twitter’дан ўз платформаларида расмийларнинг пандемияга қарши чоралари танқид қилинган ўнлаб хабарларни олиб ташлашни талаб қилди.

Талаб мухолифат сиёсатчиларининг танқидларини ўз ичига олган ва Ҳиндистон бош вазири Нарендра Модини истеъфога чиқишга чақирган 100 га яқин постга таъсир қилди, деб ёзади газета. Ҳукуматнинг таъкидлашича, бундай хабарлар «ёлғон ёки чалғитувчи маълумотлар тарқатиб, вазиятга алоқадор бўлмаган ва эски расмлардан фойдаланган ҳолда Ҳиндистондаги COVID-19 ҳолати бўйича ваҳима»ни келтириб чиқармоқда.

Ўчирилган твитлардан бирини мухолифат томонидан бошқариладиган Ғарбий Бенгалия штати меҳнат вазири Мола Гхатак жойлаштирган, деб ёзди NYT. Гхатак Модини «нотўғри бошқарув»да айблаб, уни коронавирус олиб келаётган ўлимлар учун бевосита жавобгар қилган.

NYT маълумотларига кўра, компаниялар постларни Ҳиндистондаги сайтлардан фойдаланадиганларга кўринмайдиган қилиб қўйиш орқали топшириқни қисман бажарган. Twitter’нинг изоҳ беришича, агар таркиб «маълум бир юридик ҳуқуқда ноқонуний эканлиги аниқланса, лекин Twitter қоидаларини бузмаса, компания унга кириш ҳуқуқини фақат Ҳиндистонда чеклаши мумкин».

Sky News хабарига кўра, Ҳиндистоннинг аксарият ҳудудларида оммавий тадбирлар ўтказишга тақиқ қўйилмаган. Хусусан, у ерда Кумбха Мела фестивали давом этмоқда, фестивалда зиёратчилар Ганга дарёсида оммавий таҳорат олади. Ташкилотчиларнинг фикрига кўра, ушбу фестивалга апрель ойида 150 миллион киши ташриф буюриши мумкин.

Ҳиндистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, пандемия бошланганидан бери мамлакатда 16,9 миллион киши коронавирус билан касалланган. Ушбу кўрсаткич билан мамлакат касалланиш бўйича дунёда АҚШдан кейин иккинчи ўринда туради (32 миллион ҳолат), Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, Ҳиндистонда жами  192 мингдан ортиқ одам COVID-19 қурбонига айланган.