Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида дарслар 19 апрелдан масофавий шаклга ўтказилди. Бу ҳақда университет матбуот хизмати маълум қилди.

Фото: ТошДЎТАУ матбуот хизмати

Қайд этилишича, бунга ушбу ОТМнинг профессор-ўқитувчилари, талабалари орасида коронавирусга чалиниш ҳолати аниқлангани сабаб бўлган.

Хабарда масофавий ўқиш қачонгача давом этишига аниқлик киритилмаган бўлиб, эпидемиологик вазият барқарорлашгач, анъанавий ўқув жараёнига қайтиш борасида қўшимча хабар берилиши қайд этилган.

Бундан аввал Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг ётоқхонасида яшовчи талабада коронавирус аниқлангани сабаб университет ётоқхонаси карантинга олинганди. Бундан ташқари, талаблар учун ўқиш жараёнлари 12 апрелдан бошлаб икки ҳафтага онлайн шаклга ўтказилиши маълум қилинганди.

Ўзбекистон давлат консерваториясида ва Тошкент молия институтида ҳам дарслар 26 мартдан 8 апрелга қадар (14 кун) масофавий шаклга ўтказилганди. Тошкент транспорт университети талабасида ҳам коронавирус аниқлангани сабаб факультет талабалари масофавий таълимга ўтказилган, Тошкентдаги Инҳа университети талабасида коронавирус аниқлангани сабаб 23 мартдан бошлаб икки ҳафта карантинга ёпилган.